Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Жамият
−
22 Май
4661Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан, Афғонистонда кузатилган кучли сел-сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига кўмак кўрсатиш, уларни зарур воситалар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси номидан инсонпарварлик юклари карвони “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1 000 литрли 96 та сув сақлаш идишлари ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов ҳамда Афғонистоннинг Балх вилояти расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Афғонистон томони вакиллари Президент ва ўзбек халқига оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун ўз миннатдорликларини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 18 май куни Афғонистонда кузатилган кучли ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида Фероз-Коҳда 2000 та уй бутунлай вайрон бўлган, 4000 таси қисман шикастланган, 2000 дан ортиқ дўкон сув остида қолган ва камида 50 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь