Блинкен Озарбайжонни қоралаб, Арманистонни қўллашини билдирди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
4462АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти воизи Мэттью Миллер ёзма баёнот берди.
Унга кўра, Алиев билан суҳбатда Блинкен Бакуни “ҳарбий ҳаракатлар”ни зудлик билан тўхтатиш ва вазминликка чақирган.
Ҳарбий ечимнинг имконсизлигига эътибор қаратган Давлат котиби, Бакуга Қорабоғдаги арманлар билан бўлган муаммоларни мулоқот орқали ҳал этишни таклиф қилган.
Унинг сўзларига кўра, Президент Алиев “ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр” эканини таъкидлаган. Блинкен томонлар музокара столига ўтириши кераклигини билдирган.
Пашинян билан телефон суҳбатида Блинкен: “Биз Тоғли Қорабоғдаги ўзгаришларни хавотир билан кузатяпмиз”, деб айтган.
Озарбайжон билан мулоқотга чақирганини айтган Блинкен, АҚШ Арманистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Адриенне Уотсон эса ижтимоий тармоқдаги Х саҳифасида шундай деб ёзди:
“Қўшма Штатлар Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларидан қаттиқ хавотирда. Биз Озарбайжонни гуманитар вазиятни ёмонлаштираётган "ҳарбий ҳаракатлар"ни зудлик билан тўхтатишга ва Тоғли Қорабоғ халқи вакиллари билан мулоқот бошлашга чақирамиз”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Франция эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.