Блинкен Хитой барча давлатларга хавф туғдираётганини айтди
Олам
−
09 Февраль 2023
9774Америка Қўшма Штатлари сўнгги бир неча йил ичида Хитойнинг кузатув шарлари камида бешта қитъада кўрилганини ва Вашингтон бу операциялар ҳақида маълумот алмашиш учун иттифоқчилари билан алоқада эканини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтган.
“Биз Вашингтондан ҳам, элчихоналаримиз орқали ҳам дунёнинг ўнлаб давлатлари билан маълумот алмашдик. Биз шундай қиляпмиз, чунки АҚШ беш қитъадаги давлатлар суверенитетини бузган ушбу дастурнинг ягона нишони эмас эди. Бунинг учун ким жавобгар эканлигига келсак, бу – Хитой”, деган Блинкен.
Америка дипломатияси раҳбарининг айтишича, Вашингтоннинг “жосус шар” лойиҳаси ҳақидаги маълумотлари соат сайин ошиб бормоқда. У яқин кунларда янада батафсил маълумот бера олишини маълум қилган.
Шунингдек, НАТО Бош котиби Столтенберг бу масала минтақавий бўлиб қолмай, глобал хавфсизликликка таъсир қилишини, шунинг учун ҳам Хитой разведкасининг доимий хавфидан хабардор бўлиш ва кейинги ҳимоя шаклларини кучайтириш кераклигини айтган.
“Америка Қўшма Штатлари устидаги Хитой шари Хитойнинг хатти-ҳаракатлари намунасини тасдиқлайди. Бу ерда Хитой сўнгги йилларда янги ҳарбий имкониятларга, жумладан, турли хил кузатув ва разведка платформаларига катта миқдорда сармоя киритганини кўрамиз. Шунингдек, биз Европада ҳам турли платформалар орқали Хитой разведкаси фаолиятининг ортиб бораётганини гувоҳи бўлдик. Улар сунъий йўлдошлардан, кибертехнологиялар ва биз Америка Қўшма Штатларида кўрганимиздек, шарлардан ҳам фойдаланади”, деган Столтенберг.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Хитойга тегишли “жосус шар” юзасидан Вашингтон ва Пекинда 40 та мамлакатдан келган хорижий дипломатлар билан брифинг ўтказиб, уларни жосуслик хавфидан огоҳлантирган эди. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерман ҳам 150 га яқин хорижий дипломатларга “жосус шар” ҳақида маълумот берганди. Хитой тарафи эса бу айбловларни рад этиб келмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси