Бизга ракета учиб келмайдиган шаҳар бўлса бас – Зеленский Россия билан музокара жойи ҳақида
Олам
−
27 Февраль 2022
19802Киев Москва билан Беларусь ҳудудида музокара ўтказишга рози эмас, мавжуд вазиятни муҳокама қилиш учун Украина томони бошқа жойларни танлашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда 27 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram’даги каналида маълум қилди.
У Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан юзага келган вазиятни Беларусдан ташқари исталган бошқа давлатда музокаралар олиб бориш шарти билан тинч йўл орқали ҳал қилишга тайёрлигини таъкидлаган.
“Варшава, Истанбул, Баку — биз бу шаҳарларни музокаралар учун Россияга таклиф қилдик ва ракеталари Украинага учмайдиган бошқа шаҳарларни ҳам таклиф қилдик. Шунда музокаралар ҳалол бўлади”, деган Зеленский.
Бугун, 27 февраль куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия делегацияси Украина томони билан музокаралар ўтказиш учун Беларусга келгани ва уларни Гомелда ўтказишга тайёрлигини маълум қилганди.
Унинг қайд этишича, Россия томони Минскда Киев билан музокара ўтказишга рози бўлган. Бу маълумот украиналикларга етказилган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси