Бир ҳафталик танаффусдан сўнг яна Москвага дрон ҳужум қилди
Олам
−
18 Август 2023
9828Бугун, 18 август куни соат 04:00 атрофида учувчисиз самолёт ёрдамида Москва шаҳри ва вилоятида жойлашган объектларга қарши дрон ҳужуми уюштирилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари таъсиридан сўнг парвоз йўналишини ўзгартириб, Москванинг Краснопресненская қирғоғи ҳудудидаги нотурар жой биносига қулаган.
Москва мэри Сергей Собяниннинг ёзишича, дрон парчалари Экспомарказ зонасига тушган ва бинога жиддий зарар етказмаган.
“Қурбонлар йўқ. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда”, дейди Собянин.
Фавқулодда вазиятлар хизматига кўра, дрон қулаб тушган павильоннинг майдони 30 квадрат метрни ташкил қилган. Бинонинг ташқи девори шикастланган.
Ҳужумдан кўп ўтмай, Москванинг Внуково аэропорти атрофидаги ҳаво ҳудуди ёпилган. Авиация хизмати вакиллари рейсларнинг бир қисми пойтахтнинг бошқа ҳаво бандаргоҳларига ўтказилганини айтди.
Бироқ, бир соатдан камроқ вақт ўтгач, Москва осмони самолётлар учун қайта очилган. Таъкидланишича, Внуковода олтита кетиш ва саккизта келиш рейси қолдирилган. Бешта рейс бошқа аэропортларга кўчирилган. Шунингдек, пойтахтнинг Шереметьево ва Домодедово аэропортларида бир нечта рейслар кечиктирилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия пойтахти Москвага 1, 6, 9, 10, 11 август кунлари ҳам учувчисиз қурилмалар ёрдамида ҳужумлар уюштирилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15