“Бекобод иши”: Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари қийноқларга қаршилигини айтди. Сенаторлар-чи?
Таҳлил
−
29 Февраль 2020
15682Яқинда QALAMPIR.UZ’да “Махсус филм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақола ва фильм эълон қилинганди. Унда “Бекобод металлургия иши” бўйича Бош прокуратура терговчилари томонидан терговдаги шахсларга (тадбиркорларга) турли даражада жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилгани айтилганди. Бу борада жамоатчилик, депутатлар ва сиёсий партиялар ўз муносабатини билдириб ўтди. Кеча, 28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида айрим сенаторлар мазкур воқеа юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Сенатор Толиб Мадумаров тадбиркорга шароит яратилиши лозимлиги, тадбиркорлар хато қилса, уларнинг хатолари кўрсатилиши ва бирданига ваколатлардан фойдаланиб, жазолаш механизмидан қочиш ҳақида гапирди.
“Бир нарсани билиш керак! Одам одам билан суҳбатлашиши учун ўзига хос интеллект, ўзига хос қобилияти бўлиши талаб этилади. Прокурорга “юқоридан” тадбиркорга тегма деган талаб қўйиляпти. Чунки тараққиётимиз, истиқболимиз шуларга боғлиқ. Ўзимиз уйда тадбиркорлик қилиб, битта дарахт экиб, мева ололмаётган пайтимизда, бугун “мен қонуннинг эгасиман сен нима қиляпсан” деган нарсани қилмоқдамиз.
Бугунгача 100 дан ортиқ қонун, қарорлар чиқардик. Ички ишлар, прокуратура тергови соҳасидаги айрим камчиликларга ойдинлик киритиляпти. Тадбиркор юртга, давлатга қарши иш қилаётгани йўқ. Ишида хатолик бўлса, тўғрилаб қўй-да, лекин уни бирдан жазолама деган масала қўйиляпти. Бунинг ҳам концепцияси яратилди. Ҳар ҳолда бу йил давлатимиз тадбиркорлик соҳасида тараққиёт пиллапояларидан аста чиқмоқда (таҳр.). Олдин бу имкониятлар йўқ эди. Мана энди чиқаётган одамнинг бўйнини эгма, шароит яратиб бер деб айтилмоқда”, дейди Мадумаров.
Бошқа бир сенатор Фармон Тошевга кўра, тергов жараёнида сўнгги вақтларда қонунбузилиш ҳолатларига кўп дуч келинмоқда. Давлатда жамият ва ташкилотлар ўртасидаги мувозанатни ушлаб турадиган меъёрлар бўлиши керак. Ўзбекистонда мана шундай меъёрлар бўлса-да, амалиётда синаб кўрилгани йўқ.
“Баъзан у ташкилот, баъзан бу ташкилот ўзини оқлаб қоляпти. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ташкилотлар инсоннинг эрки, ҳуқуқи, эркин яшашига тазйиқ ўтказишга ҳаққи йўқ. Мана шундай тазйиқлар ўтказиш ҳуқуқи ҳеч қайси давлатнинг конституциясида ҳам, мусулмончиликда ҳам белгиланмаган. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари бунга қарши ташкилот раҳбарининг савиясини ошириш ва маърифат орқали курашиш керак, деб айтмоқда”, дейди Тошев.
У шунингдек, кимгадир жисмоний ё руҳий тазйиқ ўтказгани учун терговчини ишдан олиш билан мазкур муаммо ўз ечимини топмаслигини айтади. Муаммолар тизимли таҳлил этилиб, одамларни тарбиялаш лозим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жазо олмаган жиноятнинг даражаси ўсади.
“Ҳар бир масалани яхшилаб ўрганиш керак. Чунки мурожаат қилувчи ҳам баъзан ҳаддидан ошиб кетиши мумкин. Алам, дард инсонни ҳар қандай кўйга солади. Буни тўғри тушунишимиз зарур. Йиллар давомида уларни гапирмасликка ўргатиб келдик-да. Энди гапира олмаса, айбламайлик. Вазиятни ўрганиб, тўғри гапиришга ўргатиш даркор.
Давлат раҳбари мурожаатчини кутиб ўтирма, бориб жойида гаплаш деб айтмоқда. Ички ишлар органлари, прокуратура ва судларга ҳам шундай талаблар қўйиляпти. Баҳони халқ беради дейилмоқда. Булар бир кунда амалга ошадиган ислоҳотлар эмас. Ҳар қандай инсонга тажовуз қораланади. Ички ишлар, прокуратура халқ билан кунда дуч келгани учун айримларининг нотўғри ишлари кўзга ташланиб қоляпти. Бошқа ташкилотларда бундай ҳолатлар йўқ деб ўйлайсизми?”, деб сенатор бошқа ташкилотларда ҳам шундай тазйиқлар учраб туриши мумкинлигига урғу берди.
Мажлис вақти QALAMPIR.UZ мухбири Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмаҳматовга ушбу масалада савол билан юзланди. Холмаҳматов бу масала атрофлича ўрганилаётгани ва раҳбарият ҳар қандай даражадаги қийноққа қарши эканини айтди.
“Бу масла кўриб чиқилмоқда. Биз ҳар қандай қийноқларга қаршимиз!”, дейди Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари.
2019 декабрь ойида жабрланувчиларнинг адвокатлари таҳририятга мурожаат қилганди. Шундан сўнг мухбиримиз ўз журналистик суриштирувини бошлади. Фильм ва мақолада 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айблангани айтилган. Кейинроқ уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Абдусаттор Шукуров ва бошқа жабрланувчилар тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказгани ҳақида QALAMPIR.UZ микрофонига гапирган.
“Бошида ҳаво етгунча ушлаб турдим. Кейин иложи бўлмади. Бор кучим билан Файзиевни итариб, “целлофан”ни йиртиб ташладим. Шу пайт уларнинг жаҳли чиқиб мени ҳар тарафдан уриб ташлади. Ерда қанча ётганимни билмайман. Бир пайт қулоғимга “бўлди, ўлиб қолади, ўлиб қолса, ўлиги тиригидан қиммат” деган овозлар келди. Ўзимга келишим учун “нашатырь” спиртини ҳидлатишди, совуқ қотаётганимга қарамай яланғоч ҳолимга устимдан сув сепишди”, деб Шукуров бўлиб ўтган аянчли воқеаларни эсга олганди.
Фильм ва мақолада суд жараёнига таъсир ўтказиши мумкин бўлган иддаолар ва муносабатлардан фойдаланилмаган. Унда фақатгина тергов жараёнидаги ҳаракатлар ёритилган ва жиноят иши мавзусига, томонларга эътибор қаратилмаган.
БОШ ПРОКУРАТУРАНИНГ ЎЗИ ҚАНДАЙ РЕАКЦИЯ БИЛДИРДИ?
Орадан бир кун ўтиб, Бош прокуратура мақола ва фильм юзасидан расмий баёнот берди. Баёнотда ҳолат юзасидан Бош прокуратура текшириш ҳаракатларини бошлагани ва текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланиши айтилган.
ДЕПУТАТ КУШЕРБОЕВ БУ САФАР ҲАМ ЖИМ ТУРМАДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев шундай муносабат билдирганди. “Прокуратура масъулларининг амалга оширган бундай ғайриқонуний ҳаракатлари тоқат қилиб бўлмас ҳолат. Бу тизим фуқароларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланиши учун қандай чора ва ислоҳ зарур бўлса, буни қўллаб-қувватлаймиз. Бош мақсад одамларни рози қилиш ва адолатни тиклаш бўлиб қолиши лозим”.
“АДОЛАТ” “БЕКОБОД ИШИ” БЎЙИЧА АДОЛАТ ИСТАБ МАЙДОНГА ЧИҚДИ
“Адолат” социал-демократик партияси воқеага Бош прокуратура тезкор муносабат билдирганини айтиб, оммавий ахборот воситаларининг “тўртинчи ҳокимият”га айланиш сари дадил қадамлар ташланаётганини қайд этганди. Шунингдек, партия Бош прокуратурадан масалага нисбатан адолат талаб қилиб шундай муносабат билдирганди:
“Умид қиламизки, Бош прокуратура мазкур ишни қонуний тартибда кўриб чиқади ҳамда адолат таъминланишига эришади. Зеро инсон ҳар нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидолмайди. Адолатсизлик адолатни таъминловчи идоралар томонидан содир этилса, бир неча карра оғриқли бўлади. Бу каби ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалга оширилган ислоҳотлар бугунги кун шиддатидан ортда қолаётганини англатади”.
QALAMPIR.UZ’ДА ЧИҚҚАН МАТЕРИАЛ ПАРЛАМЕНТ МАЖЛИСИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевга QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган фильм ва терговда қўлланилган қийноқлар масаласида ҳам бир қанча танқидий саволлар берилди.
“22 феврал куни QALAMPIR.UZ’да жуда яхши кўрсатув чиқди. Айрим Бош прокуратура терговчилари, кечирасизлар-ку, фашистик азоб бериш усулларини қўллашар экан. Ҳозир сиз маърузангизда примитив қонун ҳақида сўз очдингиз. Мана шундай аниқ ҳолатларда Омбудсманнинг қудрати нимага етади? Президентимиз мана шундай очиқлик, ошкоралик сиёсатини олиб бораётган даврда инсон тафаккури бундай қийноқларга чидай олмайди. Улуғбекжон, нима қиламиз? Бу савол очиқ қолиб кетмаслиги керак”, дея депутат Хуршид Дўстмуҳаммад Омбудсманга савол билан юзланди.
“Бизда “Бекобод иши” билан боғлиқ ҳолатлар хавотир уйғотмоқда. Лекин Омбудсман институтида мана шундай ариза-шикоятларни ўрганиб чиқиш, фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, керак бўлса, мансабдорлар масаласини кўтариш бўйича ваколатлар мавжуд. Яна Омбудсманда қонунбузилиши ҳолатларида тегишли тақдимнома киритиш ҳуқуқи ҳам бор. Ўтган даврда терговдаги шахсларга қийноқлар қўлланилгани ҳақида нечта тақдимномалар киритилган? Буларнинг қанчаси ўз тасдиғини топган? Ёки Омбудсманга ушбу инструментлардан фойдаланиш учун қўшимча ваколатлар керакми? Қачон фуқаролар ўз ҳуқуқлари мансабдорлар томонидан бузилаётганда “устингиздан Омбудсманга мурожаат қиламан” деса улар бу катта институт эканини ҳис қиладиган давр етиб келади?”, дея Кушербоев Омбудсманни саволга тутди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов воқеа юзасидан Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиевга топшириқ берганди.
“Мақолани ўқиса, ҳар қандай одамга таъсир қиладиган даражада тайёрланган. Бош прокуратура бу бўйича алоҳида текширув олиб бормоқда. Сизлар бу масала нима билан якун топгани ҳақида бизга хабар беришингизни кутардик”, деганди Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов.
ХДП БОШ ПРОКУРАТУРАДАН ТЕРГОВЧИЛАР ҲАҚИДА МАЪЛУМОТЛАРНИ ОЧИҚЛАШНИ ТАЛАБ ҚИЛДИ
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу фильм ва мақола юзасидан ўта кескин баёнот билан чиқди. Партия Бош прокуратурадан воқеаларга шунчаки тарихда дея баҳо бермасдан, унда номлари қайд этилган терговчилар шахси, қайси ишларни юритгани билан боғлиқ маълумотларни очиқлаши ва тегишли тартибди жазоланишини талаб қилди. Унда шундай жумлалар мавжуд:
“Фильмда исм-фамилияси айтилган, Бош прокуратура терговчилари экани таъкидланаётган ходимлар ҳозир қаерда? Улар фаолияти давомида яна қандай ишлар бўйича қанақа тергов ҳаракатларини амалга оширган?.. Бу каби саволларга жавоблар аниқ бўлиши муҳим. Умуман, одамларни даҳшатли қийноқларга солгани айтилаётган ходимларнинг шахси очиқланиши, айбдорлар жамоатчиликка кўрсатилиши шарт.
Ташкилотнинг обрўсини сақлаш, ўз ходимларини ҳимоя қилиш истаги инсон шаъни, ҳаёти дахлсизлиги билан боғлиқ ҳолатларда бутунлай четга сурилиши керак. Айбдорлар эшик ортида қолдириладиган замон ёнимизда эмас, ортимизда эканига одамларни ишонтириш учун бунга аввал ўзимиз чин дилдан ишона олишимиз ўта муҳим”.
Партия кескин эътирозлар билдиришда давом этаркан, Бош прокуратура расмийларини бу воқеаларга “кечаги ҳолат” деган иддао билан, вазиятни енгиллаштиришга уринмасликка чақирганди.
“Умид қиламизки, Бош прокуратура фильмда баён этилган қийноқларга “ўша вақтдаги хатолар” сифатида ёндашмайди. Бу воқеа бутун прокуратура ходимлари фаолиятини чуқур танқидий таҳлилдан ўтказиш зарурлигига жиддий белги сифатида қабул қилиниши энг тўғри қарор бўларди”, дейилганди партия баёнотида.
LiveБарчаси