ХДП Бош прокуратурадан қийноқлар ва тазйиқлар ўтказган терговчиларнинг шахсини очиқлашни талаб қиляпти
Жамият
−
28 Февраль 2020
11915Ўзбекистонда судгача бўлган терговларда қийноқлар ва тазйиқлар бўлиб келган ва мамлакат раҳбари буни бир неча бор танқид ҳам қилиб, тергов ҳибсхоналарини овоз ва видеоёзув мосламалари билан жиҳозлаш, ягона тергов органини тузиш бўйича таклифларни ўртага ташлаган. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён тинимсиз равишда прокуратура органлари фаолиятини танқид қилиб, улар одамлар ишончини оқламаётгани, порахўрликнинг ўчоғи бўлиб қолганини бот-бот такрорлади. Бу орада уч собиқ прокурор ҳибсланишига қарамай, вазият у қадар катта бурилишга юз тутгани йўқ. Буни куни кеча QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (+18)” номли мақола ва фильм ҳам исботлаб турибди. Унда 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови жиноят-процессуал қонунчилигига зид равишда ўтказилгани ёритилганди.
Мазкур фильм, унда айтилган фикрлар, оддий одамларнинг адолат талаб қилаётгани бугун жамоатчилик, сиёсатчилар ва парламент аъзолари диққат марказида турибди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу фильм ва мақола юзасидан ўта кескин баёнот билан чиқди. Унда шундай дейилади:
“Инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва шаънини ҳурмат қилиш демократик ислоҳотлар табиий ривожланиш йўлига чиқишида энг долзарб вазифалардан биридир.
Лекин, афсуски, бу вазифани бажариши зарур бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида муаммолар ҳали ҳамон сақланиб қолмоқда. “QALAMPIR.UZ” сайтида эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (+18)” номли мақола ва фильмда баён қилинган воқеалар ҳаммамизни бу ҳақда яна бир бор чуқур ўйлаб кўришга ундади.
Бош прокуратура томонидан 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови жиноят-процессуал қонунчилигига зид равишда ўтказилганлиги, терговда иштирок этганлар асоссиз қамоққа олиниб, уларга ва яқинларига Бош прокуратура терговчилари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқлар бўлгани, қийноққа солинганликлари билан боғлиқ воқеалар бўйича катта масъулият билан қонуний баҳо берилишини кенг жамоатчилик кутяпти. Бош прокуратура текшириш натижалари бўйича батафсил ахборотни қисқа муддатларда тарқатиши шарт. Муддат чўзилиши жамоатчиликда саволлар ва шубҳалар кўпайишига олиб келиши мумкин”.
ХДП баёнотининг энг кулминацион нуқтасида Бош прокуратура терговчилари ҳақида сўз боради. Партия бу терговчилар ҳозир қаердалиги ва яна қандай терговларга бош-қош бўлганига оид ҳақли саволни ўртага ташлайди:
“Фильмда исм-фамилияси айтилган, Бош прокуратура терговчилари экани таъкидланаётган ходимлар ҳозир қаерда? Улар фаолияти давомида яна қандай ишлар бўйича қанақа тергов ҳаракатларини амалга оширган?.. Бу каби саволларга жавоблар аниқ бўлиши муҳим. Умуман, одамларни даҳшатли қийноқларга солгани айтилаётган ходимларнинг шахси очиқланиши, айбдорлар жамоатчиликка кўрсатилиши шарт.
Ташкилотнинг обрўсини сақлаш, ўз ходимларини ҳимоя қилиш истаги инсон шаъни, ҳаёти дахлсизлиги билан боғлиқ ҳолатларда бутунлай четга сурилиши керак. Айбдорлар эшик ортида қолдириладиган замон ёнимизда эмас, ортимизда эканига одамларни ишонтириш учун бунга аввал ўзимиз чин дилдан ишона олишимиз ўта муҳим”.
Партия кескин эътирозлар билдиришда давом этаркан, Бош прокуратура расмийларини бу воқеаларга “кечаги ҳолат” деган иддао билан, вазиятни енгиллаштиришга уринмасликка чақиради.
“Умид қиламизки, Бош прокуратура фильмда баён этилган қийноқларга “ўша вақтдаги хатолар” сифатида ёндашмайди. Бу воқеа бутун прокуратура ходимлари фаолиятини чуқур танқидий таҳлилдан ўтказиш зарурлигига жиддий белги сифатида қабул қилиниши энг тўғри қарор бўларди”, дейилади партия баёноти сўнггида.
Эслатиб ўтамиз, махсус фильм ва мақолади Бош прокуратура томонидан 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови жиноят-процессуал қонунчилигига зид равишда ўтказилганлиги, терговда иштирок этганлар асоссиз қамоққа олиниб, уларга ва яқинларига Бош прокуратура терговчилари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилиб, қийноққа солингани ёритилган.
Шу билан бирга, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказгани маълум қилинганди. Ҳозирда бу иш бўйича Бош прокуратура текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Аввалроқ, “Адолат” социал-демократик партияси ўз муносабатини билдирган эди. Унда партия алоҳида Тергов органи тузиш талаби билан чиқди. Шунингдек, депутатлар Хуршид Дўстмуҳаммад, Сафар Остонов ва Расул Кушербоев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)га мазкур ҳолат бўйича бир қатор эътирозларни билдирдилар.
Ушбу фильмни қуйидаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси