Халқ дарди: радар, штраф, жарима баллари – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
22 Март
4338Бу шу кунларда менга юборилган жарималар қайдномалари. Ўйлаб қарасам, оддий ўзбекистонликнинг ойлик маошининг ярмини бир ойлик жарималарга сарфлар эканман. Албатта, қоида бузилгандан кейин жарима тўланиши табиий. Лекин камералар жарималарни тўғри қайд этаётганига ишончимиз комилми? Нега айрим йўлларда, баъзи кўча ва чорраҳаларда бир неча камералар қўйилган? Камига улар ҳимоя камарини тақмаганлик бўйича ҳам жарималарни ёзишни бошлабди. Ёзса ёзсин, аммо инсоф билан ёзсин. Тунов куни бир танишимга ҳам ҳимоя камари тақмагани учун жарима хати келибди. Лекин у ҳимоя камарини таққан, фақат кийими камарни камера илғамайдиган тарзда тўсиб қўйган. Хўш, бу адолатданми? Ўзи бундай ҳолатларни Ўзбекистонда кўп кўрасиз. Деярли ҳар куни учрайдиган мисолингизни айтайми? Йўл бўйи чизиққа кўзингиз тушмайди, лекин светофорга, аниқроқ айтсам, камералар жойлашган ҳудудга келганда қаердандир чизиқ пайдо бўлиб қолади. Энг қизиғи, ўша чизиқ чизилган айрим йўлларнинг аҳволига қараб бўлмайди, ҳайдовчи чуқурга тушмаслик учун автомобиль рулини бошқа томонга зудлик билан буришга ва чизиқни босишга мажбур. Бу ҳайдовчига қўйилган тузоқми? Яқинда хорижда бўлиб қайтдим ва у ерда ҳам автомобиль бошқардим, тезлигим ўртача 70-80 бўлди. Айрим жойларда 140 гача кўтардим, мажбур бўлган ҳолатларимда чизиқларни ҳам босдим. Лекин олдиндан жарималар учун депозит тўлаб қўйганимга қарамай, менга ҳеч қандай жарима қайд этилмаган. Шуям адолатданми, дедим ўзимга ўзим. Хўш, сиз ойига қанча жарима тўлаяпсиз? Камералар қайди бўйича тузилаётган баённомаларни адолатли, деб айта оласизми? Ассалому алайкум. Камералар қаршисидан узоқлашманг. Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сонида сиз билан гаплашадиган гапларимиз ҳали жуда кўп. Фикрларингизни эса изоҳларда ёзиб боринг, лайк босинг, фаол бўлинг, видеони дўстларингиз билан улашинг.
Йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга тушади
Ўртоқлар, ҳушёр бўлинглар, тугаётган ҳафтада Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, 1 майдан ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга тушади ва баллар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар асосида ҳисобланади. Яъни камералар қайдларига нисбатан балл тизими амал қилмайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 1283-моддаcида, 1284-моддаси иккинчи қисмида, 1285, 1286, 1288, 1289, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган қоидабузарликлар аниқланган тақдирда ҳайдовчига нисбатан ушбу моддаларда белгиланган асосий жазодан ташқари, жарима баллари ҳам белгиланмоқда.
Жарима баллари ҳайдовчилар биринчи қоидабузарликни содир этган кундан бошлаб кейинги йилнинг шу кунига қадар амалда ҳисобланади (кейинги ўринларда – жарима балларини ҳисоблаш даври).
Жарима балларини ҳисоблаш даврида жами жарима баллари ўн икки баллга етмаса, тўпланган баллар кейинги жарима балларини ҳисоблаш даври учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди ва жарима балларини ҳисоблаш янгидан бошланади.
Шу ўринда савол туғилади: Президент инсон омилини камайтириш, коррупцияга сабаб бўлувчи омилларни йўқотиш ҳақида гапириб турган бир пайтда Ўзбекистонда бундай амалиётнинг жорий қилиниши яна жарималарни ҳисоблашга инсон омилининг аралашуви ва яна коррупцияга сабаб бўлмайдими? Буни ким назорат қилади? Қила оладими?
Шу ўринда қайси қоидабузарлик учун қандай жарима бали ҳисобланишига тўхталсак.
Масалан, 126-моддасига кўра, тонировка билан боғлиқ қоидабузарлик биринчи марта содир этилса ярим балл, бир йилда иккинчи марта аниқланса, 1 балл ҳисобланади. 1283-моддасига кўра белгиланган тезликни ошириш ярим баллдан 2 баллгача ҳисобланишига сабаб бўлади. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг тўйларда гуруҳ бўлиб, бошқа автомобилларга халал берган ҳолда ҳаракатланиши уларнинг ҳисобига 2 балл ёзилишига олиб келади. Ушбу қарорнинг барча тафсилотлари билан юқорида айтганимдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида танишишингиз мумкин. Қарор 4 апрелгача муҳокамада бўлади.
Дарвоқе, шу ўринда яна бир янгиликни айтиб кетай. Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1287-модда киритилиб, жамоат транспорти, яъни автобус учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Ҳозир амалда бўлган қонунчиликда бундай жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган эди.
Жумладан, автобуслар учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Йўллардаги чуқурни ҳокимлик эмас, боғча опалар ямади
Дастур аввалида ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузишига ҳамиша ҳам ўзи сабаб бўлмаслиги, йўллардаги ўйдим-чуқурлар бунинг энг асосий омилларидан бири эканини айтгандим. Олмазор туманининг Қамарнисо кўчаси ҳайдовчиларга қўйилган қопқондек камераларга тўлиб ётибди. Ўзи икки “полоса”ли йўлнинг бир қисми айнан камерага тушадиган қисмида катта чуқур ҳосил бўлган. Бу сафар чуқурни ҳокимлик эмас, боғча опалар ямади.
Шу ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани “Lollipop” хусусий боғчаси ходимлари иш қуроллари билан боғчанинг қаршисидаги йўл чуқурларини ямаётгани акс этган тасвирлар тарқалди. QALAMPIR.UZ мухбири зудлик билан воқеа жойига етиб борди. Боғча ходимасининг таҳририят журналистига маълум қилишича, аёлларнинг ҳеч бири мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган.
Боғча ходимаси журналистга йўл анча вақтдан бери мутасаддилар томонидан таъмирланмагани сабабли атрофдаги ўйдим-чуқурларни ямашга ўз хоҳишлари билан енг шимарганларини айтди.
Ҳолатни ўрганиш давомида йўлдан ўтаётган бир нечта ҳайдовчилар тўхтаб, боғча опаларга ёрдам берганини кўрдик. Қизиқ, ҳайдовчиларнинг хатоларига пойлоқчи бўлган ўша йўлнинг юқорисида турган камералар бу ҳолатни ҳам ёзиб олганмикан?
Видеолар ижтимоий тармоқда тарқалганидан қарийб икки соат ўтиб, Олмазор туманидан мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари келиб, муассаса директоридан ишчиларни олиб кириб кетишини, уларга юқоридан гап текканини айтган.
Орадан бир кун ўтиб, боғча опалар томонидан ямалган чуқур буткул ўйиб ташланиб, асфальт ётқизиш учун тайёрлаб қўйилган.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги тилга кириб, фуқароларни йўллардаги чуқурларга тоқатли бўлишга чақирди.
“Таъмирлаш ташаббускорларини йўлларни ўзбошимчалик билан ямашдан тийилишга ва тоқатли бўлишга чақирамиз. Барча зарур таъмирлаш ишлари тасдиқланган жадвал асосида ва техник меъёрларга риоя қилинган ҳолда бажарилмоқда. Биз фаол фуқаролик позицияси учун шаҳарликларга миннатдорлик билдирамиз. Ушбу ғайратни янада самарали йўналтиришга ундаймиз – Халқ назорати порталига мурожаатлар юборинг, нотўғри таъмирлаш ҳолатларини суратлар билан қайд этинг ва ижрони кузатиб боринг. Фаоллигингиз шаҳримизни янада яхшилашга ёрдам беради!” дейилади ҳокимлик муносабатида.
Ниғматилла Йўлдошев халққа мурожаат йўллади
Аҳоли ва тадбиркорларни, шу жумладан инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. Бу Ўзбекистон Бош прокурорининг шу ҳафта халққа йўллаган мурожаатида берган ваъдаси. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг халққа мурожаат йўллаши сўнгги уч йилда анъана тусига кирган. Унинг галдаги мурожаати мавзуси коррупция ва у келтириб чиқараётган омилларга қарши курашиш, мамлакатда қонунийликни таъминлаш бўлди.
Унинг билдиришича, айни дамда Ўзбекистонда жиноятларнинг олдини олиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.
Энди барча куч ва воситаларни, жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қиламиз.
Бош прокурорга кўра, энди прокурорлар ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборни кучайтиради, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизими жорий қилинади.
Мурожаатнинг мана бу қисмини яхшилаб ёдингизда сақлаб қолинг! Энди тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди. Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокурорларнинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади. Бундан чиқди, тергов ҳибсхоналаридан, боринг ана “РОВД”лардан ўлик чиқмайдими?
Текширув ва тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўлиқ, энг асосийси, холис ва қонуний ўтказилишини таъминлашга, тергов ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Энг асосийси, одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига, тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чораларини кўрамиз.
Айбланувчиларга эҳтиёт чорасини қўллашда адолатни таъминлаш, ҳимоя ҳуқуқини мустаҳкамлаш, адвокатлар фаолиятига тўсқинликларни бартараф этиш прокурорларнинг алоҳида эътиборида бўлади.
Шунингдек, Бош прокурорнинг ваъда қилишича, бундан буён прокуратура органларининг энг юқори тизимидан қуйи бўғинигача, умуман, барча куч ва воситалар коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади.
Коррупцияга имкон бераётган омилларни, туб сабабларни аниқлаш учун энг чекка ҳудудларгача бориб, ҳар бир соҳага чуқур киришни айтяпти Йўлдошев.
“Бюджет маблағлари, жумладан субсидия ва бошқа кўринишдаги давлат кўмагининг сарфланиши, давлат харидлари, хизмат кўрсатиш жараёнлари, умуман, аҳолимиз кўп дуч келадиган соҳаларда турли суиистеъмолчилик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, қонунийликни таъминлаш диққат марказимизда бўлади.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, барча соҳаларни рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш чораларига алоҳида масъулият билан ёндашамиз.
Коррупцияни фош этишга доир ҳамкорликдаги тадбирларни ҳам янада жадаллаштирамиз, умуман, аҳоли ва тадбиркорларни, шу жумладан инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз”.
Бу ишларни Бош прокурор кимлар билан қилмоқчи деган савол сизни ҳам қийнаётгандир. Албатта, прокуратура жамоаси билан. Кўнглингизга келмасидан айтиб олай, Йўлдошев юқоридаги ишларни амалга ошириш учун ходимларининг билими, дунёқараши, онгу тафаккурини ривожлантириш, маънавий салоҳиятини юксалтириш чораларини изчил давом эттиришни ҳам ваъда қилди ва албатта, жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда прокуратура ходимлари халқнинг кўмагига таянишини қистириб ўтди.
Бош прокурор тергов адолатсизликка, одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига, тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чораларини кўришни лафз қилиб турган бир пайтда Сенат ялпи мажлисида терговдаги қийноқлар масаласи кўтарилди ва ҳафтанинг энг шов-шувли воқеасига айланди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Кэрол Миллер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди
Америка Қўшма Штатлари Конгресси аъзоси, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламент кокуси иштирокчиси Кэрол Миллер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди ва Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Президент матбуот хизматига кўра, мулоқотда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Учрашув аввалида Кэрол Миллер хоним Ўзбекистон раҳбарига АҚШ Президенти Дональд Трамп, Конгресс раҳбарияти ва Ўзбекистон бўйича кокус аъзоларининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликда юқори даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилган. Билдирилишича, фаол сиёсий мулоқотлар ва идоралараро алмашинувлар давом этмоқда. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми бир неча баробар ортди, бизнес кооперацияси кучаймоқда.
Кэрол Миллер Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегияси, жумладан, иқтисодиётни модернизация қилиш, демократик институтларни, энг аввало, парламентни мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар натижаларини юксак баҳолаган.
Иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни, шу жумладан тоғ-кон, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бироқ Президент матбуот хизмати бунда гап айнан қайси лойиҳалар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.
Ва албатта, мулоқотда минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ва Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Кэрол Миллер Президентнинг қизи билан эса таълим соҳасидаги ислоҳотлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, бу йўналишларда Конгресс билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳақида гаплашган.
Ҳафта бошида Шавкат Мирзиёев АҚШнинг марказий ва жанубий штатларида рўй берган ҳалокатли торнадолар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани, жароҳат олгани ва катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Президент Дональд Трампга таъзиянома йўллади. Трамп ҳам Мирзиёевнинг мактубини жавобсиз қолдирмай, уни Наврўз билан табриклаб, хат жўнатди.
Трапм ўз табригида мамлакатлар ўртасида мустаҳкам ришталар ўрнатилаётганини юксак қадрлашини ва Мирзиёевнинг изчил ислоҳотлар дастурини олқишлашини билдирган ва АҚШ Штатлари Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашга содиқ бўлишини ваъда қилган. Шунингдек, у, Мирзиёев билан замонанинг энг йирик муаммоларини ҳал этиш йўлида ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутишини билдирган.
Бу ҳафта Саида Мирзиёеванинг ҳам кун тартиби тиғиз кечди. Давлат раҳбарининг қизи шу ҳафта Қозоғистонга борди. У ерда Мирзиёева шафелигидаги “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети намойиш этилди.
Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин билан учрашиб, 3-4 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи саммити хусусида гаплашиб олди. Шу ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Марказий Осиёдаги мавқедошларига қўнғироқ қилиб, улар билан Ўзбекистонда ўтадиган “Марказий Осиё плюс” форматидаги саммитлар бўйича фикр алмашди.
Қамоққа олинганлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин
Қийноқ, ўлим. Янги Ўзбекистонда ҳам Ички ишлар тизими, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни булардан холи тарзда тасаввур қилиб бўлмаяпти. Қай шаклда бўлаётганидан қатъи назар, маҳкумлар ўз жонига қасд қиляптими, ё берилган хулосаларга ишонсак, юраги ёрилиб ўляптими, аҳамиятсиз, Ўзбекистон қамоқхоналаридан одамларнинг ўлиги чиқяпти. Бу масала жорий ҳафта Сенат ялпи мажлисида ҳам кўтарилди. Аммо ялпи мажлисда иштирок этган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов сенаторларнинг 2024 йилда қийноқлар оқибатида вафот этиш ҳолатлари ва уларнинг сабаблари ҳақидаги саволини очиқ қолдирди.
Сенат ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди. Қонун қабул қилингудек бўлса, эндиликда Ўзбекистонда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.
Билдирилишича, қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишни, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Хўш, ушбу қонуннинг қабул қилиниши оддий тил билан айтганда одамларга нима беради? Биз одатда тергов ҳибсхоналаридан ўлиги чиққан маҳкумлар ҳақидаги хабарларга берилган расмий изоҳларни ўқиганимизда, уларда марҳум маҳкумлар касал бўлгани, соғлиғида жиддий муаммолар сабаб вафот этгани айтилишига кўп гувоҳ бўлганмиз. Маҳкумларнинг яқинлари эса бу баёнотларни кескин рад этиб, экспертиза хулосаларига ишончсизлик билдириб келади. Менимча, бу қонуннинг қабул қилиниши орқали маҳкумларнинг қамоққа кириши олдидан саломатлигининг аниқ ҳолати ҳақида етарлича фактлар қўлга киритилиши мумкин.
Тошкентдаги тунги клубда чиққан жанжал
Тошкентдаги тунги клубда чиққан жанжал оқибатида 35 яшар фуқаро бир-икки мушт ортидан комага тушди. 16 март куни тунги соат 02:30 ларда Яккасарой туманида жойлашган ресторанлардан бирида мижоз сифатида келган 1995 йилда туғилган эркак 1985 йилда туғилган таниши билан ўрталарида келиб чиққан низо сабабли ўзаро жанжаллашган. 1990 йилда туғилган шахс уларни ажратишга ҳаракат қилган вақтида 1995 йилда туғилган Акмал Шукуров уни уриб, тан жароҳати етказган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан кўринадики, 35 яшар арман миллатига мансуб Борис Авакян бир неча муштдан сўнг бор бўйи билан йиқилган ва ҳушини йўқотган.
Шифохонага етказилган беморга бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани Ички ишлар бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Борис Авакянни дўппослаган йигит эса оз фурсат ичида қўшни Қозоғистонга қочишга улгурди. У ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Акмал Шукуров терговдан қочиб яширинганлиги сабабли унга нисбатан сиртдан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
“Борис ҳодиса оқибатида бош суягининг синиши, мия шиши, мия қон кетиши, чап томонда чакка суягининг чизиқли синиши, ўнгда париэтал суякнинг синиши жароҳатини олган. Фавқулодда 5 соатлик операция ўтказилди, шундан сўнг у сунъий комага туширилди. Унинг ҳаёти хавф остида!” деб ёзган унинг яқинларидан бири ижтимоий тармоқда.
Ёзилишича, жароҳат олган эркакнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди бор.
Бу тунги клубларда содир бўлаётган ягона ҳолат эмас. Нафақат Тошкент, балки республиканинг деярли барча ҳудудларида тунги соатларда фаолият юритадиган ресторан, кафе, бар, тунги клубларда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. 2017 йилда Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш масаласига жиддий ёндашилган пайтларда бундай тунги масканлар атрофида профилактика инспекторлари хизмат хоналари ташкил этилган эди. Ҳафтанинг ҳар пайшанбаси эса профилактика куни деб эълон қилинганди. Охирги вақтларда эса профилактика масаласи ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек.
Президент Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди
Тугаётган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев биринчи марта кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда тадбиркорлар учун қатор янгиликлар янгради.
Хусусан, Қорақалпоғистон, Жиззах, Тошкент ва водий вилоятларида 5,2 минг гектар ерни яхлит ҳолда савдога қўйиб, 49 йилга ижарага бериш бошланган. Билдирилишича, бу ерда тадбиркорларга ўзи хоҳлаган экинни экиб, бир қисмига сақлаш, саралаш, қадоқлаш қувватлари қуришига ҳам рухсат берилган.
Эндиликда шу йилнинг ўзида яна 30 минг гектар ерлар янги тизим асосида савдога чиқарилади.
Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича хорижий экспертлар билан катта дастур ишлаб чиқилиб, унга 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 10 миллиард доллар ажратилади.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 22 триллион сўмлик имтиёзли ресурс ажратилади. Шундан 2,5 триллион сўм ёшларга, яна шунчаси аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун йўналтирилади. Аёл тадбиркорларга кредит ставкаси бошқаларга нисбатан 2 фоиз арзон бўлади.
Бундан буён тадбиркорликка энди қадам қўйганлар учун “биринчи имконият” тамойили жорий этилади. Яъни илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш учун имконият берилади.
Президент мана шу имкониятга тўхталаркан, охирги уч йилда 17,5 минг корхона ташкил этилганига бир йил тўлмасдан тугатилганини қайд этди. Айниқса, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Жиззах вилоятлари масъуллари янги корхоналар билан ишлашда энг орқада эканини билдирди.
Фермерлар учун ҳам янгиликнинг зўри бор. Фермерлар солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилади.
Қолаверса, эндиликда кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган норматив ҳужжатлар қабул қилишга ҳам уч йиллик мораторий эълон қилинади.
Шунингдек, ҳозирда барча тоифадаги тадбиркорларга фаолиятини тугатиш учун бир хил талаб белгиланган. Яъни, каттами-кичикми, барчаси молиявий аудитдан ўтишга мажбур. Оқибатда, ихтиёрий тугатишга ариза берган минглаб кичик корхоналар қачон текширувчи келиб, аудитдан ўтказишини кутиб ўтиради. Шу боис бу жараён ҳам соддалаштирилади. Охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи бўлмаган корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмайди.
Бундан ташқари, 2028 йил 1 январга қадар ҚҚС ва фойда солиғи ставкаси оширилмайди.
Шу ўринда яна бир хабарни айтиб кетсам: Тугаётган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлар ишлари билан танишди. Унда пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳалари кўриб чиқилди ва Тошкент метрополитенини Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилгани айтилди.
Лойиҳага кўра, Буюк ипак йўли метросидан Тошкент трактор заводи даҳасигача 10 та бекат қурилади. Бу тармоқ 30 та маҳалла, 148 минг аҳолини қамраб олади.
Ўзбекистон кичик қувватли атом электр станцияси лойиҳасида иштирок этади
Ўзбекистон Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилаётган кичик қувватли атом электр станцияси лойиҳасида иштирок этиш бўйича учта Франция компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “Ўзатом” Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев “Le Figaro” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
Билдирилишича, Ўзбекистон хорижий ҳамкорларни нафақат технологик тажрибаси, балки молиявий сабаблар туфайли ҳам жалб қилишга қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Аҳмедхўжаев Францияни энг илғор технологияларни таклиф қилаётган давлатлардан бири сифатида баҳолаган.
Франция компаниялари билан музокаралар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу давлатга ташрифи доирасида фаоллашди. “Le Figaro” нашрининг ёзишича, Франция Ўзбекистоннинг уран конларига катта қизиқиш билдирмоқда.
Айтиб ўтиш ўринлики, 2024 йил май ойида “Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзоланганди. Станция Россиянинг РИТМ-200Н реактори асосида барпо этилади (қуввати – 55 МВт, хизмат муддати – 60 йилгача).
Дастлабки реактор беш йил ичида ишга туширилиши, кейингилари эса олти ойлик интервал билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. АЭС тўлиқ лойиҳавий қувватга 2033 йилдан олдин чиқиши кутилмаяпти.
Ўзбекистон АЭС қуриш учун халқаро консорциум тузишни режалаштириб, Россия, Хитой ва Европа технологияларини жалб этишни кўзламоқда. Бундан ташқари, турбиналар, генераторлар ва совитиш иншоотлари учун халқаро компанияларнинг ускуналарини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси
24 Март
Дўрмонга ўт кетди.
24 Март