Байденни ҳақоратлаган америкалик қилмишини изоҳлади
Олам
−
26 Декабрь 2021
9608Рождество арафасида АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон алоқаси чоғида давлат раҳбари ҳақида ноўрин сўзларни айтган тўрт фарзанднинг отаси Жаред Шмек бу билан ўзини ҳеч қандай ҳурматсизлик кўрсатмаган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “The Oregonian” газетаси хабар берган.
Жорий йилнинг 24 декабрь куни мамлакатнинг биринчи жуфтлиги анъанага кўра Рождество арафасида ёш америкаликлар билан телефон орқали суҳбатлашди. Шмек Президент ва биринчи хоним Жилл Байденни табриклади:
“Умид қиламанки, сизда ҳам Рождество байрами ажойиб бўлади. Олға, Брендон!” деди у.
Консерватив доиралардаги Америка етакчисининг рақобатчилари “Олға, Брендон!” деган эвфемизмни Президентни сўкиш ўрнига қўллашади.
Кейинчалик, Шмек қўполлик қилишни истамаганини маълум қилди.
“Жаноб Байденга қарши ҳеч қандай адоватим йўқ, лекин мен хафаман, чунки у ўз ишини яхшироқ бажара олади деб ўйлайман”, деган у.
Таъкидланишича, Шмек 35 ёшда бўлиб, Орегон штатида яшайди. У электр компаниясида ишлайди, бунгача олти йил полицияда хизмат қилган. Унинг сўзларига кўра, баёнотларида Президентга нисбатан ҳурматсизлик бўлмаган.
Тўрт фарзанднинг отаси суҳбатнинг эфирга узатилишидан хабари йўқлигини айтди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, нохуш иборани айтганидан кейин қўнғироқ узилиб қолган. Шмек гапларини ҳазил билан изоҳлаган.
“Энди менга сўз эркинлигимдан фойдаланганим учун ҳужум қилишмоқда”, деган у.
Маълумот ўрнида, бу шиор жорий йилнинг октябрь ойида Алабамадаги NASCAR пойгаларидан кейин пайдо бўлган. Ғолиб Брэндон Браун NBC Sports мухбири билан суҳбатлашганида, оломон унинг ортидан ҳайқириқлар айтган. Журналист улар спортчини қўллаб-қувватлаш учун “Олға, Брэндон” деб қичқираётганини тахмин қилган, бироқ аслида бу Байденга қаратилган ҳақоратли ибора бўлган. Ўшандан бери бу ибора Америка Қўшма Штатлари Президенти номига айтилган лаънатнинг цензура версияси сифатида ишлатилади.