Байден Украинага мина етказиб беришни маъқуллади – WP
Олам
−
09:46
1263АҚШ Президенти Жо Байден Украинага пиёдаларга қарши миналар етказиб беришга рухсат берди. Бу ҳақда америкалик икки расмийга таяниб “The Washington Post” (WP) хабар берди.
Уларга кўра, бу қарор “Россия қўшинларининг Украина шарқида кучайётгани” эҳтимоли билан оқланади. Манбаларнинг таъкидлашича, пиёдаларга қарши миналар фақат Вашингтон Украинаники деб ҳисоблаган ҳудудда қўлланилади.
Қайд этилишича, бу чора Байден маъмуриятининг 2022 йилда пиёдаларга қарши миналардан фойдаланишни чеклаш, уларни Корея яриморолидан ташқарида самарали тарк этишга қарор қилган сиёсатига зиддир. Нашрнинг эслатишича, Байден президентликка номзод сифатида АҚШнинг 45 президенти Дональд Трампни унинг маъмурияти пиёдаларга қарши миналардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилгани учун қаттиқ танқид қилган. Демократ бу қарорни бепарволик деб атаганди ўшанда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Украинага Россиянинг Курск вилоятидаги операцияда қатнашаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёридаги ATACMS узоқ масофали ракеталаридан фойдаланишга рухсат бергани хабар қилинган эди.