Байден Украинага Россия ҳудудига ATACMS ракеталарини отишига рухсат берди – NYT
Олам
−
18 Ноябрь
5903АҚШ Президенти Жо Байден Украинага Россиянинг Курск вилоятидаги операцияда қатнашаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёридаги ATACMS узоқ масофали ракеталаридан фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбаларга таяниб, "The New York Times" хабар берди.
Нашр “АҚШ сиёсатидаги катта ўзгариш” деб атаган ATACMS'дан фойдаланишга рухсат бериш қарори Шимолий Корея қўшинларининг Курск вилоятига жойлаштирилишига жавобан қабул қилинганини ёзди. Нашр суҳбатдошларининг фикрича, Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудида ATACMS зарбаларини амалга оширишга рухсати Шимолий Кореяга унинг Курск вилоятидаги ҳарбийлари заиф ҳолатда эканлиги, КХДР эса ёрдам учун Россияга қўшимча қўшин юбормаслиги ҳақида сигнал бериши керак.
"ATACMS'дан фойдаланиш бўйича АҚШ сиёсатининг бундай ўзгариши ҳарбий ҳаракатлар жараёнини тубдан ўзгартиради", дейилади хабарда.
Байден маслаҳатчиларининг Россия ҳудудига ҳужумлар учун ATACMS'дан фойдаланиш бўйича фикрлари иккига бўлинган, дея таъкидлайди нашр манбалари. Улар, шунингдек, ҳозирча фақат Курск вилоятидаги нишонларга зарба бериш учун ракеталардан фойдаланиш ҳақида гапираётган бўлса-да, келажакда Байден Украинага ушбу қуролларни бошқа жойларда ҳам қўллашга рухсат бериши мумкинлигини таъкидлади.
"Reuters" манбалари Байден Украина Қуролли кучларига Россия ҳудудига зарбалар бериш учун ATACMS'дан фойдаланишга рухсат берганини тасдиқлади. Украина ҳарбийлари, агентлик маълумотларига кўра, яқин кунларда ушбу ракеталардан фойдаланиш ниятида. Агентликнинг қайд этишича, Дональд Трамп Байденнинг президентлик лавозимини эгаллаши билан унинг бу қарорини бекор қиладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.
"Le figaro" нашрининг ёзишича, Франция ва Буюк Британия ҳам Украинага Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали SCALP ва Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишга рухсат берган. Бироқ, бу маълумотнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.
ATACMS (Army Tactical Missile System) - бу, хусусан, HIMARS қурилмаларидан учириладиган тактик баллистик ракеталар. Уларнинг турли хил модификациялари турли диапазонларга эга, максимали тахминан 190 миля, яъни тахминан 305 км.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь