Байден шу ҳафта яна бир давлатга қарши санкцияларни эълон қилади
Олам
−
04 Октябрь 2022
13168Америка Қўшма Штатлари шу ҳафтада мамлакатдаги намойишчиларга қарши зўравонликларга алоқадор деб ҳисоблаган Эрон расмийларига янги санкциялар киритади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден томонидан эълон қилинган баёнотда айтилади.
“Мен Эронда тинч намойишлар, жумладан, тенг ҳуқуқ ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилишни талаб қилаётган талабалар ва аёлларга қарши зўравонлик билан бостирилиши кучаяётгани ҳақидаги хабарлардан жиддий хавотирдаман”, дейди Байден.
Унинг қайд этишича, Қўшма Штатлар эронликлар учун Интернетга киришни, жумладан хавфсиз ташқи платформалар ва хизматларга киришни ошириш орқали осонлаштирмоқда.
Баёнотга кўра, фуқаролик жамиятини бостириш учун зўравонлик қўллашга масъул бўлган ахлоқ полицияси каби Эрон расмийлари ва ташкилотларини ҳам таъқиб қилмоқда.
"Бу ҳафта АҚШ тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қилганларга қарши янги чораларни жорий қилади. Биз Эрон расмийларини жавобгарликка тортишда давом этамиз ва Эрон халқининг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз", дея қўшимча қилди Байден.
Шуни айтиш ўринлики, бундан аввал Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий мамлакатдаги намойишларда АҚШ ва Исроилни айблаганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь