Эрон Олий раҳбари намойишларда АҚШ ва Исроилни айблади
Олам
−
03 Октябрь 2022
8007Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий мамлакатдаги намойишларда АҚШ ва Исроилни айблади. Бу ҳақда “Tasnim” нашри маълум қилди.
“Тартибсизлик ва хавфсизлик муаммоларини яратиш АҚШ ва сионист Исроил режимининг лойиҳасидир. Бу лойиҳада хориждан келган эронлик хоинлар ҳам иштирок этмоқда”, дейди Хоманаий.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари Эронни тузум мухолифлари қўлида парчалаб ташламоқчи.
“Эронга қарши кучлар Ислом Республикаси ичида “бешинчи колонна”ни фаоллаштириш ва тартибсизликлар келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқда”, дейди у.
Шунингдек, у 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимидан бошқа ҳар қандай воқеа ҳам провокацияларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
LiveБарчаси