Байден Ғани билан АҚШ қўшинларини Афғонистондан чиқаришни муҳокама қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Президенти Жо Байден Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар Америка қўшинларини мамлакатдан чиқаришни муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат давомида Байден ва Ғани АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиққанидан кейин ҳам мустаҳкам икки томонлама муносабатларга содиқ қолишга келишиб олган.

“Улар сўнгги 20 йилда қурбон бўлган америкалик аскарлар, уларнинг НАТО бўйича иттифоқчилари ва ҳамкорлари ҳамда афғон халқи ва афғон ҳарбийлари учун муштарак ҳурмат ва миннатдорлик билдирди”, дейилади Оқ уй хабарида.

Мулоқот чоғида Байден АҚШ инсонпарварлик ёрдами ва хавфсизлик соҳасидаги ёрдамни кўпайтириш орқали афғон халқини қўллашда давом этишини таъкидаган. Икки Президент ҳам афғон халқи тинч яшаши учун сиёсий ечим топиш кераклигини алоҳида урғулаган.

Ашраф Ғани ҳам Байден мулоқоти ҳақида маълумот бериб, сентябргача АҚШ аскарларининг мамлакатдан чиқарилишини тасдиқлаган.

“Бугун мен АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқот қилдим ва биз сентябрь ойидан Американинг Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш қарорини муҳокама қилдик. Афғонистон Ислом Республикаси АҚШ қарорини ҳурмат қилади. Биз АҚШдаги ҳамкорларимиз билан асосий ўтишни таъминлаш учун биргаликда ишлаймиз. Ҳамкорлигимизнинг кейинги босқичига ўтар эканмиз, тинчлик ҳаракатини давом еттириш учун АҚШ ва НАТО ҳамкорларимиз билан ишлашда давом этамиз”, деган Ғани Twitter саҳифасида.

Ғанининг сўзларига кўра, Афғонистон хавфсизлик ва мудофаа кучлари "ўз халқи ва мамлакатини ҳимоя қилишга қодир."

Аввалроқ, Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланиши керак.

ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ўз навбатида “Толибон” ҳаракати Халқаро кучлар Афғонистонни тарк этмагунига қадар ҳеч қандай тинчлик музокараларида иштирок этмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Толибон

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг