Бакуда мактаб ўқувчиси ўқитувчисини отиб қўйди
Олам
−
06 Февраль 3046 1 дақиқа
Бугун, 6 февраль куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳридаги хусусий мактаб ўқувчиси отасининг қуроли билан ўқитувчисини яралади. Бу ҳақда “Azertag” хабар берди.
Нашрга кўра, ҳодиса Бакунинг Бинагади туманида жойлашган Идрак хусусий лицейи яқинида содир бўлган. Озарбайжон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, ўсмир мактабга отасига тегишли ов милтиғи билан келган ва у ерда ишлайдиган ўқитувчини яралаган.
Расмий маълумотларга кўра, 1997 йилда туғилган ўқитувчи Клиник тиббиёт марказида даволанмоқда. Шифокорлар унга зарур тиббий ёрдам кўрсатган. Бемор барча керакли лаборатория ва инструментал текширувлардан ўтказилган. Шифокорлар унинг аҳволини барқарор, ўртача оғир деб баҳоламоқда.
Мактаб ўқувчиси полиция томонидан ҳибсга олинган. Унинг ов милтиғи мусодара қилинган. Ҳозирда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Ғарбидаги Кульсари шаҳридаги мактабда 10-синф ўқувчиси тенгдошларига болта билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси