Азиз Воитов суди ёпиқ ўтадиган бўлди
3-саҳифа
−
12 Сентябрь
4917Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахсга оид суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилади. Бу ҳақда суд залидан QALAMPIR.UZ журналисти хабар берди.
Суднинг ёпиқ ўтиши бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги вакили Ғофур Маҳкамов илтимоснома киритди. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судьяси Сардор Содиқов эса илтимосномани қаноатлантирди.
“Суд иши давомида хизмат доирасида фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳужжатлар борлиги сабаб, уларнинг эълон қилиниши хориждан инвесторларни жалб қилишга салбий таъсир қилиши мумкин. Шу сабаб суд мажлисининг ёпиқ шаклда кўрилишини сўрайман”, дея ўз илтимосномасини изоҳлади вазирлик вакили.
Унинг бу илтимосномасини ҳеч бир адвокат қўллаб-қувватламади. Аксарияти қандай қарор чиқаришни судга ҳавола қилди. Уларнинг айтишича, бу ишга “давлат сири” даражасида баҳо бериш мумкин.
Аммо собиқ вазир Азиз Воитовнинг адвокати Темур Раҳматов вазирлик вакилининг келтирган сабаби “давлат сири” эмаслиги, балки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги ва шу сабабли суд очиқ ўтишига монеълик қилувчи сабаб йўқлигини билдирди.
Шунингдек, яна бир неча адвокатлар илтимосномани қаноатлантирмасликни сўради. Судланувчиларнинг аксарияти ҳам суднинг очиқ ўтиши тарафдори эканини умумий тарзда билдириб ўтди. Ҳар бир адвокат ва ҳар бир судланувчидан фикрини сўрамаган судья Содиқов эса илтимосномани қаноатлантиришни маъқул кўрди.
Шундай қилиб, даставвал суднинг журналистлар томонидан ёритилиши чекланган, фото ва видеога олиш таъқиқланган, фақат ёзиб олишга рухсат берилган суд энди ОАВ учун бутунлай ёпиқ.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига мувофиқ, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозимлиги белгиланган. Шунга асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур суд мажлиси юқоридаги Фармон талаблари асосида жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигини маълум қилганди.
Маълумот учун, тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Тошкент шаҳар судлари Азиз Воитов ва 49 нафар бошқаларга оид жиноят ишида журналистларнинг иш қуролларидан фойдаланиши фақат судга раислик қилувчининг рухсати билан амалга оширилишини маълум қилганди.
LiveБарчаси