Азиз Воитов суди журналистлар учун очиқ бўладими?
3-саҳифа
−
07 Сентябрь
5481Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва 49 нафар бошқаларга оид жиноят ишида журналистларнинг иш қуролларидан фойдаланиши фақат судга раислик қилувчининг рухсати билан амалга оширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида мазкур жиноят иши мазмунан кўриб чиқилмоқда.
“Куни кеча бўлиб ўтган суд мажлисида айрим судланувчиларнинг адвокатлари томонидан процессда оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштироки масаласи муҳокама қилиниб, суд ажрими билан адвокатлар илтимосномаси қисман қаноатлантирилган. Мазкур ажримга кўра, очиқ суд мажлисида ОАВ ходимларининг иштироки кузатувчи сифатида узил-кесил таъқиқлангани йўқ. Бироқ, иш қуролларидан фойдаланиши (тасвирга ва фотосуратга олиши, аудио шаклида ёзиб олиш) фақат раислик этувчининг рухсати билан амалга оширилади”.
“Қайд этилган жиноят иши очиқ суд мажлисида кўрилаётгани,унда оммавий ахборот воситалари ходимларининг жараённи бевосита кузатиши, ўзлари учун зарур қайдлар қилиб бориши ҳамда турли башорат ва тахминларга берилмаган ҳолда ахборотлар эълон қилиши учун ҳеч қандай монеълик йўқ”, дейилган хабарда.
Шунингдек, жиноят иши ҳажман катта экани, процесс иштирокчилари сони кўплигидан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ходимларига зарур шароитлар яратиб бериш борасида қўшимча чоралар кўрилаётгани маълум қилинган.
Маълумот учун, Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” банди, 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. 29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ судланувчилар ва адвокатларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд мажлисига киришини тақиқлаш бўйича илтимосномаси сабаб журналистлар собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахснинг судини ёритолмаслиги хабар қилинганди. 5 август куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида ҳам кўплаб адвокатлар судда ОАВ иштирокига кескин эътироз билдирганди. Улар ҳатто журналистларни “хориж агенти”, “хабарларни бўрттирувчи” дея таърифлаган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эса собиқ қишлоқ хўжалиги вазири билан боғлиқ суд иши телеканаллар ва интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозимлигини билдирди.