Айрим талабаларга 2 млн сўмгача стипендия тўланади

Жамият

image

“Менинг биринчи касбим” дастури доирасида стажировка қиладиган олийгоҳ битирувчиларига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни “Кўксарой” қароргоҳида ўтказилаётган Президент Шавкат Мирзиёев ва ёшлар учрашувида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилади ва ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш бошланади.

Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб, ўз бизнесини бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 та битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда “Менинг биринчи касбим” дастурини бошлаш топширилган. Бунда стажировка дастури асосида олийгоҳ битирувчилари ўртасида танлов ўтказиб, уларга ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш йўлга қўйилади.

Тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмагани учун қийинчиликка учраётгани қайд этилган.

Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатадиган “Ёшлар бизнес инкубатори” ишга туширилади.

Мутасаддиларга ёшлар учун қулай жойларни белгилаб, бу йил Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида, келгуси йилда қолган ҳудудларда бундай марказларни ташкил қилиш топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур йиғилишда ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

талаба битирувчи стипендия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг