Австралияда самолёт океанга қулаб тушди
Олам
−
06 Февраль 5585 1 дақиқа
Австралиянинг жанубий қирғоғида жойлашган пляж яқинида енгил самолёт океанга қулаб тушди. Бу ҳақда Жанубий Австралия полициясига таяниб, ABC News хабар берди.
Маълумотларга кўра, бугун, 6 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 16:30 атрофида маҳаллий Фавқулодда хизматларга енгил самолёт билан боғлиқ авария ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа Гулва-Саут яқинидаги Лонг-Бэй ҳудудида содир бўлган.
Воқеа жойига Муррей дарёсининг қуйилиш қисми томон қутқарув кучлари зудлик билан етиб борган. Қидирув-қутқарув ишларига полиция вертолёти, денгиз қутқарув хизмати ҳамда учта ёнғин ўчириш экипажи жалб этилган.
Ҳозирча ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки қурбонлар бор-йўқлиги ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Колумбияда бортида экипаж аъзолари ва йўловчиларни қўшиб ҳисоблаганда 15 киши бўлган Beechcraft 1900 русумли йўловчи самолёти ҳалокатга учраганди.