Атамбоев Миллий хавфсизлик ҳибсхонасидан колонияга ўтказилди
Олам
−
04 Январь 2021
8716Қирғизистон Республикаси собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасидан Бишкекдаги 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Раиса Атамбоева 24.kg ахборот агентлигига маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, собиқ давлат раҳбари Янги йил арафасида колонияга кўчирилган.
“Ҳеч ким бу ҳақда билмаган. 31 декабрь куни мен ва болаларим – Қодир ва Алияга учрашишга рухсат берилди, биз уни колонияда кутиб олдик. У даволанмоқда ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ҳибсхонасига ўтказилиши муолажаларга ҳалал берар эди. Албатта, ушбу колонияда шароит яхшироқ, у юриши, одамлар билан мулоқот қилиши мумкин. Алмазбек Атамбоевнинг қон босими паст, у қаттиқ шамоллаяпти. Унга иссиқ овқат ва иссиқ кийим олиб келдик”, деган Раиса Атамбоева.
Атамбоев нимада айбланганди?
2006 йилда “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги колониялардан бирида тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Тўполон пайтида депутат Тинишбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилганди.
2013 йилда Батукаев қамоқдан тиббий комиссия хулосасига кўра озод қилинган. Хулосага кўра, Батукаевга қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилган. У қамоқдан чиқиш билан дарҳол тарихий Ватани Чеченистонга учиб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар сохта эканлиги аниқ бўлган, аммо Қирғизистон ҳукумати Батукаевни ортга қайтара олмаган.
Батукаевнинг озод қилиниши бўйича очилган жиноят иши якунида Атамбоев 11 йиллик қамоқ жазосини олганди. Август ойида Бишкек шаҳар судининг ҳайъати ушбу ҳукмни тасдиқлади.
Қайд этилишича, бу ишда собиқ Президентдан ташқари яна уч киши – шифокор Абдуҳалим Раимжонов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева ва Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев иштирок этган.
Собиқ маслаҳатчи ҳибсда сақлангани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жолдубаева 5 миллион сом (66,7 минг доллар) жаримага тортилган. Шифокор эса жиноятнинг муддати ўтганлиги туфайли жазодан қутулиб қолган.
Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари вақтида одамлар Атамбоевни қамоқдан озод қилди. Аммо у кейинроқ Бишкекда намойиш уюштиришда айланиб, яна ҳибсга олинди.
LiveБарчаси