Атамбоев ортидан ўғиллари ҳам ИИВга олиб келинди
Олам
−
10 Октябрь 2020
17085Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғиллари Сейидбек, Қодирбек ваТемирлан Султонбековни бугун, 10 октябрь куни Ички ишлар вазирлигига олиб келинди.улар Бишкекда оммавий тартибсизликлар бўйича очилган жиноят ишида гувоҳлик беришга чақирилган. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
“9 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар Жиноятлар ва қонунбузарликлар ягона реестрида “Оммавий тартибсизликларни ташкил этиш” моддаси билан рўйхатдан ўтказилди. Жиноят ишини тергов қилиш доирасида Темирлан Султонбеков, Сейидбек Атамбоев, Қодирбек Атамбоев ва Алмазбек Атамбоевнинг ҳайдовчиси Анвар Арматов Ички ишлар вазирлигига гувоҳ сифатида олиб келинди. Айни пайтда Қодир ва Сейид Атамбоев уйларига қўйиб юборилди”, дейилган ИИВ хабарида.
Аввалроқ, Алмазбек Атамбоев Бишкекда тартибсизлик уюштиришга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси