Асаднинг ШҲТ саммитига келиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Олам

image

Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлари раҳбарларининг Самарқандда ўтадиган саммити доирасида Сурия Араб Республикаси Президенти Башар Асад билан учрашиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов ушбу хабарларга муносабат билдирди. 

“Сурия Президенти Башар Асаднинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммитида иштирок этиши масаласи кўтарилмаган ва муҳокама қилинмаган”, дейди миллий координатор РИА Новостига берган интервьюсида. 

Жорий ҳафта бошида Россия Президенти Владимир Путин Асаддан ШҲТ саммитида иштирок этишни сўрагани, Туркия ва Сурия раҳбарларининг учрашиш эҳтимоли юқори экани айтилди.

Бу орада Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ОАВда тарқалган маълумотларни рад этди. Вазирга кўра, Эрдўған ва Асад ШҲТ саммити доирасида учрашмайди.

“ШҲТ саммитида бундай учрашув бўлиб ўтиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Асад у ерга таклиф қилинмаган”, деган вазир “Haber Global” телеканалига берган интервьюсида.

“Haqqin” нашри ҳам Дамашқ университети профессори Меҳмет Ювага таяниб, Сурия Президенти Башар Асад ШҲТ саммитига таклиф қилингани ҳақида ёзди.

Шу ўринда Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши даврида Туркия доимий равишда Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаб, Башар Асад ҳукуматини қонуний деб тан олишдан бош тортганини эслатиш ўринлидир. Ўша кезларда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳам узилиб қолганди. Аммо Туркия раҳбари Миср, Саудия Арабистони ва Исроил билан сиёсий муносабатларни бирин кетин тиклаб, “кўприк қуриш” сиёсатига қайтгач, навбат Дамашққа келган кўринади. Эрдўған ўз интервьюсида Туркия Башар Асадни ағдармоқчи эмаслигини, балки у билан YPG террорчиларига қарши қўшма ҳарбий операцияни муҳокама қилмоқчи эканини, бундан ташқари, жараёнда Россия ва Эрон ҳам иштирок этишга тайёрлигини тан олгани бежиз эмас.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ШҲТ саммити мезбони бўлган Ўзбекистон томони Сурия раҳбарининг ташрифи ҳақида маълумот бермади. Жорий йилнинг 29 июль куни ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазир в.б. Владими Норов ташкилотнинг сентябрда Самарқандда ўтадиган саммитида кимлар иштирок этиши ҳақида маълумот бериб, доимий аъзолардан ташқари, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва Туркманистон раҳбарлари келишини билдирганди. Шунингдек, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ҳам таклиф этилгани маълум бўлганди. Бироқ жаноб Норов на Туркия Президенти Эрдўған, на Сурия етакчиси Асад ҳақида оғиз очмаган.

Эрдўғаннинг Самарқанддаги саммитга таклиф этилгани 5 август куни унинг Сочида Путин билан учрашганидан кейин маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Башар Асад

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг