Эрдўған Сурия раҳбари Асад билан Самарқандда учрашиши мумкин

Олам 6425
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлари раҳбарларининг Самарқандда ўтадиган саммити доирасида Сурия Араб Республикаси Президенти Башар Асад билан учрашиши мумкин. Бу ҳақда “Al-Mayadeen” телеканали хабар берган.

Мазкур учрашув Сурия Президенти Башар Асад ва Туркия делегацияси ўртасидаги учрашув тадбирлари мобайнида ўтказилади.

Қайд этилишича, Россия Президенти Владимир Путин Асаддан ШҲТ саммитида иштирок этишни сўраган. Демак, Туркия ва Сурия раҳбарларининг учрашиш эҳтимоли юқори.

“Haqqin” нашри ҳам Дамашқ университети профессори Меҳмет Ювага таяниб, Сурия Президенти Башар Асад ШҲТ саммитига таклиф қилингани ҳақида ёзди.

Шу ўринда Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши даврида Туркия доимий равишда Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаб, Башар Асад ҳукуматини қонуний деб тан олишдан бош тортганини эслатиш ўринлидир. Ўша кезларда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳам узилиб қолганди. Аммо Туркия раҳбари Миср, Саудия Арабистони ва Исроил билан сиёсий муносабатларни бирин кетин тиклаб, “кўприк қуриш” сиёсатига қайтгач, навбат Дамашққа келган кўринади. Эрдўған ўз интервьюсида Туркия Башар Асадни ағдармоқчи эмаслигини, балки у билан YPG террорчиларига қарши қўшма ҳарбий операцияни муҳокама қилмоқчи эканини, бундан ташқари, жараёнда Россия ва Эрон ҳам иштирок этишга тайёрлигини тан олгани бежиз эмас.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ШҲТ саммити мезбони бўлган Ўзбекистон томони Сурия раҳбарининг ташрифи ҳақида маълумот бермади. Жорий йилнинг 29 июль куни ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазир в.б. Владими Норов ташкилотнинг сентябрда Самарқандда ўтадиган саммитида кимлар иштирок этиши ҳақида маълумот бериб, доимий аъзолардан ташқари, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва Туркманистон раҳбарлари келишини билдирганди. Шунингдек, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ҳам таклиф этилгани маълум бўлганди. Бироқ жаноб Норов на Туркия Президенти Эрдўған, на Сурия етакчиси Асад ҳақида оғиз очмаган.

Эрдўғаннинг Самарқанддаги саммитга таклиф этилгани 5 август куни унинг Сочида Путин билан учрашганидан кейин маълум бўлди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 214
Рейтинг: 3.1
t
×