Асадга бошпана бериш қарорини Путин қабул қилган – Песков
Олам
−
09 Декабрь
9897
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад ва унинг оиласига сиёсий бошпана бериш қарорини Россия Президенти Владимир Путин қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Сурияни тарк этган Башар Асад ва унинг оила аъзолари Москвага етиб келган эди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, уни мамлакатга киритиш ва номаълум муддат жой бериш қарорини Путиннинг ўзи қабул қилган.
Шу билан бирга, Песков ҳозирда Асаднинг қаерда эканлиги ҳақида журналистларга айтадиган гапи йўқлигини ва у билан учрашув Путиннинг расмий дастурига киритилмаганини қўшимча қилган.
У, шунингдек, Кремль Асадга Россиядан бошпана бериш тўғрисида расмий баёнот бериши “мутлақо кераксиз” эканини таъкидлаган.
“Биз буни қилишимиз шарт эмас”, деган у.
Песков Суриядаги вазият ҳақида гапирар экан, у ерда содир бўлган воқеа бутун дунёни ҳайратда қолдиргани ва Кремль бу ҳолатдан истисно эмаслигини айтган. Путин матбуот котибининг сўзларига кўра, Сурия “беқарорлик билан боғлиқ жуда оғир даврни” кутмоқда, бироқ Кремль Сурия ишлари бўйича барча минтақа давлатлари билан мулоқотни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, 8 декабрга ўтар кечаси қуролли мухолифат жангарилари Дамашққа кириб келиб, Асад режимини қулатган эди. Шундан сўнг, Башар Асад мамлакат пойтахтини самолётда тарк этганди. 8 декабрь куни тушдан кейин Россия ТИВ Асад “Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги қуролли можаронинг қатор иштирокчилари” билан музокаралардан сўнг президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилганини ва мамлакатни тарк этганини тасдиқлаганди.