“Ану бола нима дивотти?” Мансабдорлар қўшиқлар ва қўшиқчилардан норози
Маданият-санъат
−
28 Октябрь 2023
38790Кеча, 27 октябрь куни Маданият вазирлигида санъат олами вакиллари билан йиғилиш ўтказилди. Унда ўзбек қўшиқчилик санъати танқид остига олинди. Бу ҳақда "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хабар берди.
Йиғилишга Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилик қилган. Унда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири Нодиржон Холбўтаев, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев иштирок этди.
Йиғилиш давомида хонандаларнинг савиясиз қўшиқлар тайёрлаётгани, мавзуларнинг бир-бирига ўхшаб қолаётгани, бир-нечта қўшиқ чиқарган янги “юлдуз”ларнинг устоз санъаткорларга беҳурматлик қилаётгани ва уларнинг обуначи йиғиш мақсадида ижтимоий тармоқларга ўз ижод маҳсули ўрнига турли контентлар жойлаётгани сабаб ўзбек қўшиқчилик санъатининг савиясига путур етаётгани кескин танқид қилинган.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедовнинг сўзларига кўра, тез орада санъаткорлар учун янги ижодий лойиҳалар йўлга қўйилади ва жонли ижрода қўшиқ куйловчи хонандалар сони ортади.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасасида бундай йиғилишлар 2017 йилгача доимий равишда ўтказиб келинар эди. Кейинроқ ташкилот ҳузурида Президент топшириғи билан Халқ артистлари клуби ташкил этилди. Аммо бу клуб очилдию нима иш билан шуғуллангани, ҳозир бор-йўқлиги маълум эмас.
“Ўзбекконцерт” эса лицензия “сотиш” ва мавсумдан мавсумга давлат тадбирларини ўтказиш билан банд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 2023 йилдаги 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган йиғилишида ташкилотга янги раҳбар тайинланганди.
LiveБарчаси