“Ўзбекконцерт”нинг директори ўзгарди
Маданият-санъат
−
09 Октябрь 2023
11594"Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 2023 йилдаги 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган йиғилишида ташкилотнинг директори ўзгариши маълум қилинди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт" ўзининг расмий саҳифасида хабар берди.
Маълум қилинишича, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан муассаса раҳбари вазифасини бажариб келган Даврон Шералиев вазифасидан озод этилган, шу пайтга қадар директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келган Санжар Эрданов эса "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
Шунингдек, ушбу йиғилишда айрим раҳбарларга огоҳлантириш берилган.
"Муассаса марказий аппарати ва барча ҳудудий бўлимларнинг ҳисоботи эшитилиб, натижалар жиддий таҳлил қилинди. Ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган ҳудудий бўлим раҳбарларининг айримлари охирги маротаба огоҳлантирилди. Шунингдек, жорий йилнинг якунигача иш фаолиятида ижобий натижага эришишлари зарурлиги билдирилиб, ўзгариш бўлмаса, вазифасидан озод этилии таъкидланди", дейилади хабарда.
Унга кўра, энди муассасанинг иш фаолияти қайта кўриб чиқилади ва бир ой мобайнида янги ижодий лойиҳалар бўйича аниқ чоралар белгиланади.
Маълумот ўрнида, Санжар Эрданов шу вақтгача Маданият вазирлигининг Концерт-томоша фаолиятини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида, 2022 йил августдан буён эса "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
LiveБарчаси