Андижонга тадбиркорликни кенгайтириш учун келдик – Мирзиёев
Жамият
−
01 Февраль 2023
6250Бугун, 1 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги корхонага борди. 2022 йил тадбиркор томонидан 8 млн долларга ташкил этилган ушбу корхонада 60 хил пойабзал ва чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, корхонада 500 киши меҳнат қилмоқда. Яна шунча иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. 2023 йилда корхонада экспортни 4 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Мирзиёев билан учрашувда корхона эгаси Европа бозорига чиқмоқчи эканини айтди. Давлат раҳбари бу бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.
“Чарм саноати ҳам драйверга айланяпти, корхоналар кўпайяпти. Энди уларга кафолатланган хомашёни таъминлаб бериш керак. Иккинчидан, касаначилик асосида уйда ўтирган аёлларни ҳам жалб қилиш зарур. Умуман, бундай илғор корхоналарнинг ривожланишига кўмак бериб, кластерга айлантириш мумкин”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга илмий институтларга буюртма бериб, импорт бўлаётган хомашё материалларини маҳаллийлаштириш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, давлат раҳбари корхонада ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
“Бугун Андижонга тадбиркорликни кенгайтириш, барқарор энергия манбалари яратиш, одамларнинг даромадини ошириш учун келдик. Ойликларингиз қачон ошади? Чиқарилаётган маҳсулотнинг бозори чаққон бўлса. Бунинг учун сифат, билим, малака керак. Шу боис хотин-қизларимизнинг касб эгаллашига алоҳида эътибор қиляпмиз. Она рози бўлса, оила ҳам, жамият ҳам рози бўлади”, деди Президент.
LiveБарчаси