Андижонда ўқишни кўчириб беришни ваъда қилганлар ушланди
3-саҳифа
−
07 Август 3216 2 дақиқа
Анжижонда ўқишни кўчириб беришни, Қашқадарёда эса ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Андижон вилояти Пахтаобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар О.Х. (муқаддам судланган) ва Т.К. фуқаро Б.М.нинг ишончига кириб, унинг турмуш ўртоғининг ўқишини Қирғизистон давлат университетидан Андижон давлат университетига кўчириб бериши эвазига 2 500 АҚШ доллари ва 9,6 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган. Ушбу пуллар ҳисобидан 700 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, департаментнинг Қашқадарё вилояти Касби тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Ғ. фуқаро Қ.Ж.га гўёки қўшни Қозоғистон Республикаси олийгоҳида 2 курсни тамомлагани ҳақида ҳужжатларни расмийлаштириб бериб, уни Қарши шаҳридаги хусусий олийгоҳлардан бирига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро ва Фарғона вилоятида пул эвазига олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга тушган эди.