Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими ва яна 43 мансабдорга нисбатан суд иши бошланди
3-саҳифа
−
07 Сентябрь 2022
12696Фарғона вилоят судида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими, прокурори ва вилоят ва шаҳар даражасидаги турли вазирлик идораларнинг масъул лавозимларини эгаллаган шахсларга нисбатан суд жараёни бўлиб ўтяпти. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби хабар берди.
Расмий маълумотга кўра, судда судланувчилар:
• Б.Ҳ. (эркак, 1972 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган, муқаддам судланмаган, Андижон вилоят ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи ва Андижон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган);
• Қ.А. (эркак, 1982 йилда Андижон вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Андижон шаҳар прокурори ва Андижон вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси лавозимларида ишлаган);
• Андижон вилояти Молия ва Халқ таълими бошқармалари, Андижон шаҳар Молия ва Халқ таълими бўлимларининг собиқ раҳбарлари ва масъул лавозимларида ишлаган шахслар ва бошқаларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Жами 44 нафар судланувчининг 29 нафари эркак ҳамда 15 нафари аёл бўлиб, 34 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 10 нафарига эса “гаров” ва “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар томонидан 63 млрд сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган ва улар Жиноят кодексининг 167, 168, 207, 209, 210, 28,210, 211, 28,211 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ушбу жиноят иши Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А. Ўтаев раислигида ҳамда судьялар О. Арабов ва Ш. Шерқуловдан иборат таркибда, биринчи инстанция судида кўрилмоқда.
Айни пайтда суд тергови ўтказилиб, суд жараёни давом этмоқда.
Суд жараёни якуни бўйича батафсил ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, собиқ Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров жорий йилнинг 6 июнь куни қамоққа олинди. У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда. Унинг ортидан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳам ҳибсга олинди.
Айтиш жоизки, дастлаб Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказишда гумонланганди. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида жорий йилнинг 3 февраль куни депутат ва ҳокимни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.
Баҳром Ҳайдаров аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019-2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.
Кейинроқ Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаров Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилишда гумонланаётганини маълум қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов ишида 37 нафар шахс айбланиб улардан 32 нафари ҳибсга олинган.
LiveБарчаси