Алламжонов педофилларга кастрация жазосини қўллашни таклиф қилди
Жамият
−
01 Апрель 2023
14214Ўзбекистонда педофилларга нисбатан кастрация жазосини қўллаш вақти келди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб чиқди.
“Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликга ўзгартириш киритиш вақти келди”, дейди Комил Алламжонов.
Унинг айтишича, педофилларга бундай жазо қўшни Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ бошқа кўплаб давлатларда белгиланган.
“Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан”, дейди Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси – депутат Бобур Бекмуродов жорий йилнинг 28 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида педофилларни бичишни, уларнинг рўйхатини эълон қилиб боришни ва мактабдан узоқда яшашини таъминлашни таклиф қилди. Афсуски, бошқа қонунчилар унинг таклифини қабул қилмади.
Қирғизистонда эса депутатлар педофилларга ўлим жазоси берилиши бўйича референдум ўтказишни таклиф қилмоқда.
Маълумот учун Кастрация деб ҳайвонлар ва одамларда жинсий аъзоларни олиб ташлашга айтилади.