Алиевнинг айтгани бўлди: Озарбайжон Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув бошланди
Олам
−
27 Сентябрь 2020
17401Бугун, 27 сентябрь куни Баку вақти билан соат 06:00 да Арманистон қуролли кучлари кенг кўламли провокацияларни амалга ошириб, Озарбайжон армиясининг бутун фронт чизиғи бўйлаб позицияларига қуролли ҳужум уюштирган. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
Расмий маълумотда қайд этилишича, Еревен Озарбайжон армиясининг бутун фронт чизиғи бўйлаб позицияларини ва фронтал зонада жойлашган турар-жойларни йирик калибрли қуроллардан, миномётлардан ва турли калибрли артиллерия иншоотларидан интенсив ўққа тутган
“Тертер минтақасидаги Гапанли қишлоғи, Агдам вилоятининг Чирагли ва Ўрта Гервенд қишлоқлари, Физули вилоятининг Алханли ва Чукурбейли қишлоқлари ва Жеброил вилоятининг Жожуг Маржанли қишлоғига душман томонидан интенсив ўқ отилди. Натижада тинч аҳоли орасида ўлдирилган ва яраланганлар бор. Фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар этказилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ва ярадорларнинг шахси аниқланмоқда.
“Озарбайжон армиясининг илғор бўлинмалари душманнинг ушбу провокациясини бостириш ва қўшинларнинг қарама-қаршилик чизиғи яқинида яшовчи тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун жавоб чораларини кўрмоқда”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг етмиш ебшинчи сессиясида чиқиш қилган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Арманистон халқаро ҳужжатларга ид равишда ўт очиш сулҳини кескин бузиб келаётгани, таҳдид қилаётганини айтиб, Ереван Бакуга уруш очиш тараддудида турганини очиқлаганди. Бунга жавобан 25 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян чиқиш қилиб, Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди бўйича бир тарафлама музокара ва муроса тарафдори бўлаётгани, бироқ бу Ереваннинг манфаатларига мос эмаслиги, Озарбайжоннинг талаби билан ҳаммасини бошидан бошлаш эсан, янги уруш очишга сабаб бўлишини айтганди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 июль куни Никол Пашинян Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги сўнгги кескинлик ва Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал этиш жараёни борасида Арманистоннинг позициясини тақдим этган. Арманистон ҳукумати раҳбари икки республикаси чегарасида июль ойида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув пайтида кескинликни пасайтирмасликка, балки бундан ҳам кўпроқ зўравонлик қўзғатишга ҳаракат қилган ягона мамлакат Туркия эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12-16 июль кунлари икки мамлакат ўртасидаги вазият янада кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам қуролли тўқнашувга озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмий Баку 11 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 ярали ҳақида маълумот берди.
Қайд этиш керакки, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий муаммоси сўнгги 30 йилдан бери давом этяпти. Бунинг сабаби Арманистоннинг Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғни эгаллаб олишидир. Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай, Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтармай келади.
Вазият шу даражадаки, агарда икки томон ҳам тинчланмаса давлатлар ўртасида уруш бошланиши эҳтимоли юқори.
Яқинда Ереван ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Россия билан ҳамкорликни кучайтирди. Россиядан бир неча самолётда Арманистонга қурол-аслаҳалар юборилди. Шу боис Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Путинга қўнғироқ қилиб, Россиянинг бу борадаги “ғамхўрлигига” ўз эътирозини билдирди. Бунинг ортидан Озарбайжон Туркия ҳам билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга киришди. Икки мамлакат ҳарбийлари иштирокида қўшма машқлар ўтказилди. Туркия ҳар қандай вазиятда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдирди.