Алиев Европа билан Путиннинг “қонини қайнатадиган” меморандум имзолади

Олам

image

Озарбайжон ва Европа Иттифоқи бугун, 18 июль куни энергетика соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади. Ҳужжатни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен имзолаган. 

Европа комиссияси раҳбари билан учрашувдан сўнг нутқ сўзлаган Президент Илҳом Алиев, Озарбайжон ташаббуси билан амалга оширилган энергетика лойиҳалари Европанинг энергия харитасини бутунлай ўзгартирганини таъкидлади. 

“Бугунги меморандум келажак учун йўл харитасидир. Умид қиламизки, Озарбайжон ва ЕИ яқин ойларда янги икки томонлама келишув устидаги ишларни якунлайди”, дейди Алиев. 

Давлат раҳбари энергия хавфсизлигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратди. 

“Озарбайжон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ишончли ҳамкорлик катта бойликдир. Бизнинг энергетик мулоқотимиз кўплаб соҳаларни қамраб олади”, дейди Озарбайжон раҳбари. 

Европа комиссияси раҳбари, ўз навбатида, Озарбайжон қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида катта салоҳиятга эга эканлигини таъкидлаган. 

“Европа Иттифоқи ишончли энергия етказиб берувчиларга мурожаат қилмоқда. Озарбайжон улардан бири. Бугунги келишувга кўра, биз Озарбайжондан Европа Иттифоқига газ етказиб беришни икки баробарга ошириш орқали Жанубий газ йўлагини кенгайтириш тарафдоримиз”, деди фон дер Ляйен.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи Озарбайжондан газни 2020 йилда ишга туширилган ва йилига 10 миллиард куб метр ўтказиш қувватига эга Трансадриатик газ қувури орқали “Шоҳденгиз” конидан олади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июнь куни ЕИ Кенгаши Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини, жумладан, Россиядан денгиз орқали нефть маҳсулотларини етказиб беришга қолдирилган эмбаргони қабул қилди. Олтинчи пакет бўйича Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги муҳокама деярли бир ой давом этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Урсула фон дер Ляйен Озрабайжон

Баҳолаганлар

647

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made