Алишер Усмонов спортдаги эски лавозимига қайтиши мумкин
Спорт
−
29 Октябрь
5898Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) россиялик тадбиркор Алишер Усмоновни ташкилотнинг президенти лавозимига номзод сифатида рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий веб-сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Усмонов номзодини юздан ортиқ мамлакат қиличбозлик федерациялари қўллаб-қувватлаган. Усмоновдан ташқари FIE раҳбарлигига швециялик Отто Дракенберг ҳам даъвогарлик қилмоқда. Янгиланган раҳбар сайланадиган FIE конгресси 30 ноябрда Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Алишер Усмонов 2008 йилдан 2022 йил мартигача Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ва ҳомийси бўлган ва халқаро санкцияларга учрагач, ўз лавозимини тарк этишга мажбур бўлган. Эммануэль Кациадакис ҳозирда вақтинчалик FIE раҳбари лавозимида ишламоқда.
Маълумот учун, Усмонов спорт мастери даражасига эга бўлиб, 1970 йилларда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон ССР ёшлар терма жамоаси ва кейинчалик СССР миллий терма жамоаси аъзоси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Германиянинг ARD телеканали журналисти Йоахим Зеппельт Париж Олимпиадасидаги қиличбозлик ҳақида репортаж эълон қилиб, унда Алишер Усмоновни ҳакамларни сотиб олишда айблаганди. Октябрь ойида эса Гамбург суди Усмоновнинг Зеппельтга қарши ишида “гумонларга асосланган номақбул хабарларни” тарқатишни тақиқловчи суд қарорини чиқарган. Шунга қарамай, Усмонов 8 октябрь куни Зеппельтга қарши Кёльнда прокуратурага жиноий иш қўзғатишни сўраб, ариза берган. Кейинчалик эса телеканал ушбу материалнинг ҳақиқатга зид эканини тан олганди.
LiveБарчаси