Немис телеканали Усмоновга туҳмат қилганини тан олди
Олам
−
25 Октябрь
4735Жорий йилнинг август ойида Германиянинг ARD телеканали Париж Олимпиадасидаги қиличбозлик ҳақида репортаж эълон қилиб, унда журналист миллиардер Алишер Усмоновни ҳакамларни сотиб олишда айблаган эди. Телеканал ушбу материалнинг ҳақиқатга зид эканини тан олди. Бу ҳақда Алишер Усмоновнинг матбуот хизматига таяниб, РБК хабар берди.
Нашрга кўра, Алишер Усмоновга Халқаро қиличбозлик федерациясида (FIE) ҳакамларни пора эвазига сотиб олиш тизимини яратишда айблов қўйилган репортажни эфирга узатган немис телерадиокомпанияси “Westdeutscher Rundfunk” (WDR) ARD телеканали ва ўз сайтида эълон қилинган бу материал ҳақиқатга зид эканини тан олган.
“Немис телерадиокомпанияси “Westdeutscher Rundfunk” ARD телеканалида ва ўз сайтида Алишер Усмонов томонидан Халқаро қиличбозлик федерациясида коррупция тизими яратилгани ҳақидаги ҳақиқатга зид бўлган фикрларни ўз ичига олган репортажни эълон қилган бўлиб, кейинчалик Гамбург суди томонидан тақиқланган бу хабарлар бўйича апелляция ҳуқуқидан воз кечди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2024 йил август ойида ARD телеканали Париж Олимпиадасидаги қиличбозлик бўйича бир неча мақола ва видеорепортаж эълон қилган. Уларда ARD журналисти Йоахим Зеппельт Усмоновни бу спорт турида ҳакамларни сотиб олиш тизимини яратишда айблаган эди. Мисол сифатида у 1/8 финалида ютқазган фаворитлардан бири, грузиялик қиличбоз Сандро Базадзенинг ҳакам туфайли мағлуб бўлганини келтирган.
Октябрь ойида эса Гамбург суди Усмоновнинг Зеппельтга қарши ишида “гумонларга асосланган номақбул хабарларни” тарқатишни тақиқловчи суд қарорини чиқарган. Шундан сўнг, ARD телеканали тадбиркорга қарши айбловларни ўз ичига олган репортажни ўчириб ташлаган. Шунга қарамай, Усмонов 8 октябрь куни Зеппельтга қарши Кёльнда прокуратурага жиноий иш қўзғатишни сўраб, ариза берди.
Қайд этиш жоиз, Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерациясини бошқариб келарди, лекин у 2022 йилнинг 1 мартида федерация президенти лавозимидан вақтинча четлаштирилди. Бунга Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни Украинадаги беқарорликка масъул россияликларни қўллаб-қувватлашда айблагани ва унга нисбатан санкция жорий этгани сабаб бўлган.