Алишер Қодиров россиялик депутатга жавоб қайтарди
Жамият
−
20 Октябрь
20062Аввалроқ, Россиядаги “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиқиб, нега мигрантлар уларни “боқаётган” мамлакатни ҳимоя қила олмаслигини айтганди ва бундай мигрантлар Россияга керак эмаслигини иддао қилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Россияни Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Ўзбеклар баракали халқ, ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам ўлдириб эмас. Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари, неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардек муқаддас бурч деб ҳисоблайдилар?”, деб ёзди Қодиров.
Миронов ўзбекистонлик мигрантларга виза режимини жорий қилиш кераклиги, бу билан ҳаммаси ҳал бўлишини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирганди. Бош консулхона баёнотида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилиниши қайд этилган.
Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) кўра, хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтганди.
LiveБарчаси