Алиментдан қарздор ота бошқа хотинининг уйидан топилди (видео)
3-саҳифа
−
18 Декабрь 5547 2 дақиқа
Жиззах вилоятида алиментдан қарздор ота бошқа хотинининг уйидаги балконда яширингани маълум бўлди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюросининг Дўстлик тумани бўлими томонидан қарздор М.Х. га нисбатан алимент тўловларини амалга оширмагани сабабли қидирув эълон қилинган. Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида у Фориш туманида бошқа хотинининг уйида кўп қаватли уй балконига яширинган вақтида топилган.
Унинг алимент қарзи 43 миллион сўмдан ошган бўлиб, қарздор давлат ижрочисига топширилган.
Қайд этилишича, Жиззах вилоятида жорий йил бошидан 430 нафар фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб, давлат ижрочисидан яшириниб юрган қарздор топилган. 192 нафар қарздор шахсларни бўйича қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада алимент тўлашдан қочиб, парда ортига яширинган ота қамалганди. Ўтган йили Қашқадарёда алимент тўламасдан қочиб юрган эркак уйидаги кўрпалар тагидан, Наманганда ва Сурхондарёда уй ертўласидан, Хоразмда товуқ фермасидан, Фарғона шаҳрида тунги клубдан, Андижонда холасининг ва Бухорода бувисининг уйидан топилганди. Шунингдек, илгарироқ Сурхондарё вилоятида вояга етмаган бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган ота укасининг никоҳ тўйида ушланганди. Андижон вилоятида эса алимент тўлашдан қочиб юрган ота ўз уйининг қурилиши тугалланмаган ҳудудида, шифер ортидан топилган. Самарқанд вилоятида эса алимент тўлашдан қочиб юрган ота шкаф ичидан чиққан.
Live
Барчаси