Аксилмонополия қўмитаси “буханка” қимматлашганига муносабат билдирди

Жамият

image

Хабарингиз бор, бугун, 1 июндан Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларида қолипли нонни (“буханка”) 2800 сўмдан сотиш бошланди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси қолипли нон нархи ошишига муносабат билдирди.

Қўмита томонидан ўтказилган тезкор ўрганишлар натижасида қолипли нон Тошкент шаҳрида энг юқори – 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст – 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўм экани аниқланган.

Қайд этилишича, ун маҳсулоти жорий йил июнь ойидан бошлаб биржа савдоларига етарли миқдорда қўйилмоқда ва бу жараён устидан доимий назорат ўрнатилган. Республикада ун маҳсулоти захираси шакллантирилган бўлиб, нарх наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда ун савдоларга қўйиб борилади. Хусусан, жорий йил июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. Жорий йил 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойи учун ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон захиралари мавжуд.

“Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниши, биринчи навбатда буғдой етиштирувчи фермер ва деҳқонлардан тортиб, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар манфаатини кўзлаб қилинган қадам бўлиб, ушбу жараёнда шаффоф тизим яратилиши билан бирга, республиканинг энг чекка ҳудудларига ҳам маҳсулотнинг етиб бориши назоратга олинган. 

Шуни эътиборга олиб, нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан бу борада ҳавотирга тушмасликларини, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади аксилмонополия қўмитаси муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани 1 июлдан бошлаб биржада сотишни бошлаши ҳақида кўрсатма берганди.

Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда буғдойнинг биржада сотилиши нархларнинг барқарорлашишига ва келгусида пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Украинадаги вазият туфайли бирдан икки энг асосий буғдой етказиб берувчи халқаро бозордан узилиб қолди. Украинанинг буғдой экспорти портларнинг қўлдан кетиши ортидан тўхтаган бўлса, Россия ички бозордаги таъминотни баҳона қилиб, ғалла сотишни тақиқлади. Бу ҳам етмаганидек, жаҳон ғалла бозорининг учинчи асосий ўйинчиси Ҳиндистон ҳам буғдой экспортини чеклади.

Қайд этиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сонли Қарори билан 2019 йил 15 октябрдан “Ўздонмаҳсулот” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди. Шундан сўнг, нон нархи 650-700 сўмдан 1400 сўмга кўтарилганди. Кейинроқ нарх яна бироз ошиб, 1600 сўмга етган.


Мақола муаллифи

Теглар

нон

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг