Акмал Саидов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди
Жамият
−
01 Июнь
5916Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси таркибига сайланди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 29 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайловлар бўлиб ўтган.
Сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат – Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д'Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Корея Республикаси, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борган.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олган.
Таъкидлаш жоизки, Акмал Саидовнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланиши тарихий воқеадир, чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди.
Маълумот учун, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси – БМТнинг мустақил экспертлардан иборат органи бўлиб, аъзо давлатлар томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилишини мониторинг қилади. Ушбу пактга 173 та давлат аъзо. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилган. Қўмита фаолияти инсоннинг барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.
LiveБарчаси