АҚШ Яманга яна зарба берди
Олам
−
27 Январь
4418Америка қўшинлари Ямандаги ҳусийларнинг кемага қарши ракетасини нишонга олди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.
“27 январь куни Сана вақти билан тахминан 03:45 да CENTCOM кучлари Қизил денгиз томон мўлжалланган ва учиришга тайёр бўлган ҳусийларнинг кемага қарши ракетасини урди”, дейилади қўмондонлик матбуот хизмати хабарида.
CENTCOM маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбийлари нишон "минтақадаги савдо ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига зудлик билан таҳдид солган" деб ҳисоблаган.
Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириш ва уруш тугагунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини айтган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида 30 дан ортиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Бунга жавобан АҚШ, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция каби давлатлар ҳусийларга қарши Prosperity Guardian операциясини эълон қилди. АҚШ ва Буюк Британия икки марта қўшма операция ўтказиб, Яман ҳудудидаги нишонларга зарба берди. Бундан ташқари АҚШ бир неча бор ҳусийларга ҳужум қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ америкалик расмийларга таяниб, “Financial Times” нашри АҚШ Хитойдан Эронни ҳусийларга таъсир ўтказишга ундашни сўрагани, аммо Пекиндан арзирли жавоб бўлмаганини хабар қилганди. Кейинчалик, “Reuters” агентлиги Эрондаги манбаларига таяниб, Хитой Эрондан Ямандаги ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатишда ёрдам сўраганини ёзди. Ямандаги ҳусийлар вакили эса ҳаракат Қизил денгиздаги Россия, Хитой ёки Германия кемаларига ҳужум қилиш ниятида эмаслигини айтган.