АҚШ ва Украина табиий ресурслар бўйича келишув имзолади

Олам

image

Кеча, 30 апрель куни АҚШ ва Украина ўзаро келишув асосида Украина табиий ресурсларига доир ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди. Бу ҳақда Украина Бош вазири ўринбосари ва Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, икки давлат Украинани тиклаш бўйича инвестицион фонд ташкил этади. Ушбу фонд глобал инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.

УНИАН битимнинг асосий бандларини эълон қилди:

  • Украинанинг ерости бойликларига эгалик сақланиб қолади – қандай ресурслар қаерда ва қандай қазиб олиниши тўғрисидаги қарорлар фақат Украина томонидан қабул қилинади;
  • Ҳамкорлик тенг асосда олиб борилади – фонд 50/50 улушда ташкил этилади, ҳеч бир томон устун овозга эга бўлмайди;
  • Украина давлат мулки ҳимояланган – давлат компанияларини, хусусан “Укрнафта” ёки “Энергоатом”ни хусусийлаштириш ёки бошқарув механизмини ўзгартириш режалаштирилмаган;
  • Қарз мажбуриятлари йўқ – АҚШ олдида ҳеч қандай қарз ёки молиявий мажбурият белгиланмаган. Ҳамкорлик икки давлат иқтисодиётига фойда келтиради.

Келишув Украина Конституциясига зид эмас ва мамлакатнинг Евроиттифоққа интеграциялашув курсини ўзгартирмайди.

Свириденконинг айтишича, фонд фақат янги лицензиялардан тушган даромад ҳисобидан молиялаштирилади.

“Бу – критик материаллар, нефть ва газ лойиҳалари бўйича бериладиган янги лицензиялар орқали давлат бюджетига тушадиган 50 фоиз даромад ҳақида. Олдин бошланган лойиҳалардан ёки аллақачон бюджетга киритилган тушумлардан фондга пул ажратилмайди”, дейди вазир.

Фонд фаолиятини таъминлаш учун бюджет кодексига ўзгартиришлар киритилади, бу ўзгаришлар Олий Рада томонидан тасдиқланиши керак.

Янги фонд АҚШ ҳукумати томонидан DFC агентлиги орқали қўллаб-қувватланади. Бу агентлик АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардаги инвесторлар ва компанияларни жалб қилишда Украинага ёрдам беради.

“Фонд даромадлари ва ажратмалари АҚШда ҳам, Украинада ҳам солиққа тортилмайди, бу эса инвестицияларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп ёрдам давом этишини, бироқ Украина камёб ер металлари билан таъминлаш мажбуриятини олиши кераклигини билдирган эди. Зеленский бунга жавобан, бу масала унинг 2024 йил сентябрда Трампга тақдим этилган “Ғалаба режаси” доирасида мавжудлигини тасдиқлаган.

Зеленский дастлаб АҚШ таклиф этган битимни рад этганди, чунки унда Украина учун аниқ кафолатлар йўқлигини билдирганди. Бунга жавобан Трамп битимни бузганликда айблаб, Зеленскийни президентлик сайловларини ўтказмаслиги билан танқид қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина табиий ресурслар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг