АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини маъқуллади

Жамият

image

Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь куни Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов LinkedIn’да маълум қилди.

“14 ойлик фаол музокаралар ўз мантиқий манзилига етди! Бу осон бўлмаган йўл, мураккаб, аммо мазмунли музокаралар, умр бўйи эсда қоладиган тажриба бўлди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ушбу ташкилотга қўшилиш борасидаги кўрсатмалари ва қўллаб-қувватлашлари, Президентимиз ёрдамчиларининг ислоҳотларни фаоллаштиришдаги саъй-ҳаракатлари, бир бутун ЖСТ жамоасининг тинимсиз меҳнати натижасидир”, деб ёзди Ўрунов.

Президентнинг махсус вакили АҚШ савдо вакили офисига “конструктив иштироки” учун, шунингдек, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Фурқат Сидиқов ва дипломатик ваколатхона ҳузуридаги савдо маслаҳатчиси Оқил Убайдуллаевга миннатдорлик билдирди. 

Ҳозирда томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Шу билан АҚШ Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган 21-давлат бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Кэтрин Тай жорий йилнинг 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганди. Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муҳим экани таъкидланди.

Мирзиёев 30 сентябрь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассанини қабул қилди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг