АҚШ Украинани сунъий йўлдош тасвирларидан ҳам маҳрум қилди – ОАВ

Олам

image

Американинг аэрокосмик компанияси Maxar Technologies Украинадаги фойдаланувчилар учун сунъий йўлдош тасвирларига киришни ёпди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Militarnyi” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, компания бу қарорни “маъмурий сўров” асосида қабул қилганини билдирган. Ўчириш АҚШнинг Украинага разведка маълумотларини тақдим этиш тақиқланганидан кейин содир бўлган. Maxar хизматига киришнинг ёпилгани ҳақидаги маълумотни Украина кибержамияти Киберборошно ҳам тасдиқлаган. Бирлашма вакилларининг сўзларига кўра, энди улар нафақат Россияга оид, балки дунёнинг бошқа қисмларига тегишли сунъий йўлдош тасвирларини ҳам очолмаяпти.

“Militarnyi” нашрининг ёзишича, Maxar Украинага тижорат сунъий йўлдош тасвирларининг асосий етказиб берувчиси бўлиб, Украина армияси ушбу тасвирлар орқали Россия қўшинларининг ҳаракатини кузатиб борган ва босиб олинган ҳудудлар ҳамда Россиядаги муҳим объектларга зарбалар натижасини баҳолаган.

Қайд этиш жоиз, АҚШнинг Украинага разведка маълумотларини узатишни тўхтатгани 5 март куни маълум бўлди. Бундан ташқари, Вашингтон ўзининг Европадаги ҳамкорлари, жумладан, Буюк Британия орқали ҳам ушбу маълумотларни узатишга рухсатни бекор қилган. Америкаликлар бу тақиқни Киевдаги махсус агентликлар орқали қатъий назорат қилишини маълум қилган.

“АҚШдан келадиган барча маълумотлар тўхтатилди”, дея тасдиқлаган Украина Бош разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Валерий Кондратюк.

У, шунингдек, Украина Қуролли кучлари Европа сунъий йўлдошлари орқали маълумот олишда давом этиши мумкинлигини таъкидлаган, бироқ барчаси ҳам ҳарбий жойлашувлар ва уларнинг ҳаракатларига қаратилмаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп 3 март куни Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйганди, буни ОАВлар Киевни музокара столига ўтиришга мажбурлаш уриниш, деб ёзди. Қарор Украинага кемалар ва самолётларда, шунингдек, Польшадаги транзит марказларида кетаётган АҚШнинг собиқ президенти Жо Байденнинг пакетларидаги қурол ва ўқ-дориларга таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари АҚШ Украинага разведка маълумотларини тақдим этишда давом этганини даъво қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина сунъий йўлдош

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг