АҚШ Украинага ATACMS'дан фойдаланишга рухсат берганини расман тан олди

Олам

image

Оқ уй Украинанинг АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали ATACMS баллистик-тактик ракеталаридан фойдаланишига қўйилган чекловларни юмшатганини биринчи марта очиқ тан олди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби кеча, 25 ноябрь куни маълум қилди.

"Вашингтон ATACMS бўйича "қўлланмани ўзгартирди" ва "биз Украина томонига ракеталардан Россия ҳудудидаги ушбу аниқ турдаги нишонларга зарба бериш учун фойдаланиши мумкинлиги ҳақида кўрсатмалар бердик. Энди улар фавқулодда ҳолатларда ўзини ҳимоя қилиш учун ATACMS'дан фойдаланишлари мумкин. Ва ҳозир аниқ сабабларга кўра, бу Курск вилоятида содир бўлмоқда", деб таъкидлади Кирби.

"Мен украиналикларнинг ўзларига ATACMS ва нишонга олиш тартиб-қоидаларидан қандай фойдаланишаётгани, ундан нима учун фойдаланишаётгани ва у қанчалик яхши ишлаётгани ҳақида айтиб беришни сўраган бўлардим", дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун,  Америка матбуоти 17 ноябрь куни Жо Байден маъмурияти Украинага Россиядаги нишонларга қарши ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат бергани ҳақида хабар берди. Аналогик қарорлар Буюк Британия ва Франция томонидан ҳам қабул қилингани айтилди. Бироқ бу хабарлар расман тасдиқланмаганди.

Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида зарба берганди. Бу билан Украина Россиядаги нишонларга нисбатан биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллади. 20 ноябрда эса Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги нишонга биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталарини отгани хабар қилинди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, Москванинг жавоби адекват ва аниқ бўлишини билдирганди. 21 ноябрь куни Россия ўзининг ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасини Украинадаги объектга қарата учирди. Кеча, 25 ноябрь куни Украина Курск вилоятига ATACMS ракеталари билан ҳужум уюштирди


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина ATACMS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг