АҚШ Россия билан қайси соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди
Олам
−
14 Июнь 2021
6995АҚШ Россия билан Сурия ва Арктика масаласида ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан айтиб ўтди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Стратегик барқарорлик масаласи бор. Сурия ва инсонпарварлик йўллари масаласи бор. Арктика билан боғлиқ масалалар мавжуд. Россия билан ишлаш учун асос топишга манфаатларимизга мос келадиган бошқа соҳалар ҳам бор”, деган Салливан.
Унга кўра, агар Москва Америка давлатига қарши зарарли ҳаракатлардан фойдаланишга уринса, Вашингтон ҳам жавоб қайтармай қўймайди.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Швейцарияда ўтказиладиган АҚШ-Россия саммитининг асосий мақсадини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия раҳбари Владимир Путин бир неча кунлардан кейин, аниқроғи 16 июнда Швейцариянинг Женевасида юзма-юз учрашиши кутилмоқда.
Владимир Владимирович америкалик журналистга берган интервьюсида АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампдан фарқли равишда Жо Байденни ҳақиқий сиёсатчи ва профессионал, деб билишини айтганди.
Маълумот ўрнида, яқинда Россия ва АҚШ давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувга Швейцария қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. Учрашув XVIII асрга оид қасрда бўлиб ўтади. Хавфсизликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўша куни маҳаллий аҳолининг кўчага чиқмаслиги сўралган ва ҳатто учрашув вақтида мамлакат ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпилиши айтилган.