Путин ва Байденнинг юзма-юз учрашув жойи ва вақти маълум бўлди
Олам
−
25 Май 2021
11015Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Жо Байден ўртасидаги учрашув жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 25 май куни Байден маъмуриятидаги манбаларига асосланиб Американинг CNN телеканали хабар берди. Ушбу маълумотни Кремль ҳам тасдиқлади.
“[Байден] маъмурияти расмийларининг сўзларига кўра, Женева икки давлат раҳбарларининг узоқ мунозарали учрашуви учун мезбон шаҳар сифатида танланди. Улар Байденнинг биринчи чет эл сафари охирида 15-16 июнь кунлари учрашиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, АҚШ Президенти июнь ойининг ўрталарида G7 ва НАТО саммитларида қатнашиш учун Европада бўлади. G7 (Group of seven — Катта етилик — таҳр.) йиғилиши 11-13 июнь кунлари Буюк Британияда, Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО)нинг йиғилиши эса 14 июнда Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Байден ва Путин 13 апрель куни телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот вақтида Байден учинчи давлатда Россия-АҚШ саммитини ўтказиш таклифини билдирган.
Бундан аввал, аниқроғи март ойида АҚШ Президенти Жо Байден Владимир Путинни “қотил”, деб билишини айтган эди. Бунга жавобан, Путин Америка раҳбарига соғлик тилаб, уни жонли эфирдаги мунозарага таклиф қилди. Байден жамоаси эса Россия раҳбарининг ушбу ташаббусига рад жавобини берганди.
LiveБарчаси