Байден Путинга қўнғироқ қилиб, расмий учрашув таклиф қилди
Олам
−
13 Апрель 2021
7965АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 13 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда олий даражадаги учрашув таклиф қилди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар берди.
“Президент Байден Россия билан АҚШ манфаатларига мос келадиган барқарор ва башорат қилиш мумкин бўлган муносабатларни ўрнатиш мақсадини тасдиқлади”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Қайд этилишича, Жо Байден яқин ойларда учинчи давлатда саммит ўтказиб, у ерда АҚШ ва Россия олдида турган барча масалаларни муҳокама қилиш таклифини берган.
Россия Президенти Матбуоти хизмати хабарига кўра, Байден стратегик барқарорлик, қуролланишни назорат қилиш, Эрон ядро дастури, Афғонистондаги вазият ва глобал иқлим ўзгариши каби кескин муаммолар бўйича барқарор ўзаро алоқаларни ўрнатишга қизиқиш билдирган.
Маълум қилинишича, Путин ва Байден ўртасидаги телефон орқали суҳбат Америка томонининг ташаббуси билан ташкиллаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида АҚШ Президенти Жо Байден Владимир Путинни “қотил”, деб билишини айтган эди. Бунга жавобан, Путин Америка раҳбарига соғлик тилаб, уни жонли эфирдаги мунозарага таклиф қилди. Байден жамоаси эса Россия раҳбарининг ушбу ташаббусига рад жавобини берди.
LiveБарчаси