Путин АҚШ-Россия саммитининг мақсадини маълум қилди
Олам
−
13 Июнь 2021
9159Шахсий алоқаларни қайта тиклашлари, тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш Швейцарияда ўтказиладиган АҚШ-Россия саммитининг асосий мақсади ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Москва. Кремль. Путин” кўрсатувчи учун берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Бизнинг шахсий алоқаларни тиклаш, бевосита мулоқотни қайта жонлантириш, ўзаро ҳамкорликни талаб қилувчи йўналишларда, мен аввал бу ҳақда айтгандим, ҳақиқатан самарали бўлган механизмларни яратиш”, деган Путин.
Путинга кўра, агар турли соҳаларда ўзаро алоқалар механизмларини яратишга эришилса, саммит бесамар бўлмайди. Президент улар орасида стратегик барқарорлик, минтақавий можаролар, глобал экология ва иқтисодий ҳамкорликни алоҳида таъкидлади.
“Aгар ушбу учрашувдан сўнг биз ушбу соҳаларда ишлаш механизмларини яратадиган бўлсак, менимча яхши бўлар эди. Учрашув бежиз эмас, деб айтиш мумкин”, демоқда Россия етакчиси.
Путин Оқ уй ҳам шундай фикрда эканини эслатди: ҳар икки томонни қизиқтирган бир қанча масалалар бор – стратегик барқарорлик, минтақавий можаролар, жумладан, Ливия ва Суриядаги. Шунингдек, Путин киберхавфсизликни тилга олди ва уни энг муҳимларидан бири эканини урғулади.
Россия раҳбари олий даражадаги учрашувлардан олдин унинг иштирокчилари иш учун қулай муҳит яратиш мақсадида негатив гап-сўзларни камайтиришга ҳаракат қилишларини таъкидлади.
“Бу ерда ҳеч қандай алоҳида нарса йўқ, мен ўзимни ҳеч нарса билан алдамаган бўлардим. Бу профессионал ёндашув. Биз ҳам ўз навбатида буни қиламиз”, деган Президент.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия раҳбари Владимир Путин бир неча кунлардан кейин, аниқроғи 16 июнда Швейцариянинг Женевасида юзма-юз учрашиши кутилмоқда.
Владимир Владимирович америкалик журналистга берган интервьюсида АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампдан фарқли равишда Жо Байденни ҳақиқий сиёсатчи ва профессионал, деб билишини айтганди.
Маълумот ўрнида, яқинда Россия ва АҚШ давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувга Швейцария қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. Учрашув XVIII асрга оид қасрда бўлиб ўтади. Хавфсизликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўша куни маҳаллий аҳолининг кўчага чиқмаслиги сўралган ва ҳатто учрашув вақтида мамлакат ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпилиши айтилган.
LiveБарчаси