АҚШ ортидан Хитой ҳам Кобулдаги портлашларга муносабат билдирди
Олам
−
09 Май 2021
10870Хитой экстремизмнинг ҳар қандай турига қарши ва кўплаб қурбон ҳамда жароҳатлар олиб келган Кобулдаги портлашни қатъиян қоралайди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чуньиннинг бугун, 9 май куни эълон қилинган баёнотида сўз боради.
“Биз ҳужумдан қаттиқ ҳайратда қолдик ва ушбу зўравонлик ҳаракатини қатъиян қоралаймиз”, дейилади баёнотда.
Фото: Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чуньин
Қайд этилишича, Хитой қурбонларнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирган.
“Хитой томони ҳар доим зўравонлик ва экстремизмининг ҳар қандай турига қатъий қарши чиқди ва Афғонистон ҳукумати ҳамда халқини терроризмга қарши курашда, иложи борича тезроқ тинчликка эришишда, миллий хавфсизлик ва барқарорликни ҳимоя қилишда унга ёрдам бериш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 май куни Афғонистон пойтахти Кобулда қатор портлашлар юз берди. Оқибатда камида 55 киши ҳалок бўлди, 150 га яқин жароҳатланди. Воқеа шаҳар мактабларидан бирида содир бўлган ва вафот этганларнинг асосий қисмини 11-15 ёшдаги ўқувчи қизлар ташкил этган.
Аввалроқ Афғонистон Президенти Ашраф Ғани воқеани теракт (террорчилик ҳаракати) деб баҳолаган ва бунда “Толибон” ҳаракатини айблаган эди. Бунга жавобан, “Толибон” ўзларининг портлашларга алоқаси йўқлигини айтиб, воқеани қоралади. Бугун эса ушбу воқеа юзасидан мамлакат Президенти 11 майни миллий мотам куни деб эълон қилди.
Ўз навбатида, АҚШ ушбу фожиа юзасида муносабат билдириб, вафот этган мактаб ўқувчиларининг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Фото: Кобулдаги мактабда юз берган портлаш оқибатида жароҳатланган мактаб ўқувчилари
Бундан аввал, май ойининг бошида мамлакатнинг Логар вилоятида ҳам бомба портлаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлиб, 60 га яқин одам жароҳат олганди. Бу воқеа Америка коалицияси қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши бошланган куннинг эртасига юз берди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолаганди. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
Фото: Кобулдаги мактабда юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган мактаб ўқувчилари
Бироқ, бу жараён Америка томонидан кечиктирилди. 14 апрель куни мамлакат Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунлангани ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, Қўшма Штатлар бу давлатдаги ҳарбийларини 2021 йил 11 сентябрга қадар олиб чиқиб кетади. Афғонистон расмийларига кўра, ўшандан бери “Толибон” мамлакат бўйлаб ҳужумларни кучайтирган.
LiveБарчаси