АҚШ ХЖСга нисбатан санкцияларни кенгайтирди

Олам

image

АҚШ Халқаро жиноят судининг (ХЖС) яна тўрт нафар вакилига қарши янги санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ва Молия вазирлиги баёнот берди.

Қайд этилишича, АҚШнинг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси томонидан CDN рўйхатига, яъни АҚШ молия тизимидан тўлиқ узиб қўйилган шахслар рўйхатига судьялар –Кимберли Прост ва Николя Гийу, шунингдек, ХЖС прокурорининг ўринбосарлари Нажот Шамим Хон ва Мам Мандиай Нианг киритилган.

АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, улар ХЖСнинг АҚШ ёки Исроил фуқароларига нисбатан “мазкур давлатлардан бирортасининг ҳам розилигисиз” олиб борилган тергов, ҳибсга олиш, ушлаб туриш ёки суд жараёнларига алоқадор бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар содир этгани учун Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берган ХЖС бош прокурори Карим Хон вақтинча лавозимидан четлатилганди. У, шунингдек, Россия Президенти Владимир Путинни ҳам ҳибсга олиш учун ордер чиқарган.

Шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг февралида ХЖСга қарши санкциялар жорий қилганди. У АҚШ Президенти сифатидаги биринчи муддатида ҳам ХЖСга қарши санкциялар киритган, чунки суд АҚШнинг Афғонистондаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларини текшираётган бўлган. Кейинчалик эса бу чораларни Жо Байден маъмурияти бекор қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ санкция Халқаро жиноят суди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг