АҚШ Фаластинни тан олиш тарафдорлари босимига қарши тура олмайди – Хоқон Фидан 

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан мустақил Фаластинни тан олишни қўллаб-қувватловчи давлатлар сони ортиб бораётгани ва АҚШ уларнинг БМТдаги босимига қарши тура олмаслигини айтди. Бу ҳақда у Венесуэла Ташқи ишлар вазири Иван Гил Пинто билан учрашув ва Туркия-Венесуэла ҳамкорлик қўшма комиссияси йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.

"Ҳозир Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олган мамлакатлар тан олмаган давлатлардан кўра кўпроқ. Аммо шунга қарамай, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Фаластинни тан олмади. Шу сабабли у халқаро ҳуқуқда ўзига тегишли ва берилган ҳуқуқлардан фойдалана олмаяпти. Буларнинг барчаси бир давлатнинг қаршилиги туфайли содир бўлмоқда. 143 давлат Фаластиннинг тан олинишини ёқлайди. Ва бу жуда яхши, чунки бу масала БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кун тартибида бўлади. У ерда АҚШга босим ўтказилади ва улар бунга қаршилик кўрсата олмайди. Халқаро виждон Фаластин масаласи билан шуғулланади ва гегемонликка қарши ҳаракат қилади", дейди у.

Фидан Испания, Норвегия ва Ирландиянинг Фаластинни давлат сифатида тан олиш қарорини ижобий деб атади.

“Яқинда учта давлат бунга тайёр эканликларини билдиргани бизни жуда қувонтиради. Туркия халқаро миқёсда Исроилга ҳар хил дипломатик босим ўтказиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда. Ва бу натижа бераётганини кўряпмиз. Ғазода шафқатсизлик ва геноцид тўхтагани йўқ, лекин Исроилга босим давом этмоқда. Бу сўнгги ўн йилликларда кузатилмаган миқёсга етди”, дея қўшимча қилди Фидан.

Шунингдек, Фидан Фаластинни тан олиш масаласидан ташқари яна бир муҳим мавзу борлигини таъкидлади – бу Халқаро судда Исроилга қарши ЖАР ташаббуси билан бошланган жараён.

"Туркия бу жараёнларга қўшилиш ниятини эълон қилганидан сўнг, кўплаб давлатлар ҳам шундай қилиш истагини билдирганидан мамнунмиз. Шу тариқа Исроилга қаршилик кучайиб бормоқда ва у тобора сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан яккаланиб қолмоқда", дейди вазир.

Ўз навбатида, Венесуэла ТИВ раҳбари унинг мамлакати “Фаластин тенг ҳуқуқли давлат бўлиш учун халқаро ҳуқуқларга эга ва у мустақил ва суверен давлат сифатида тан олиниши керак”, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Унинг айтишича, Фаластинни тан олиш масаласи ҳалигача ҳал этилмаган, аммо муаммо БМТ даражасида ҳал этилишига умид бор, чунки кўпроқ давлатлар ва ҳукуматлар Фаластинни тан олиш тарафдори.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи охирларида Ямайка, шу ойда эса Норвегия, Ирландия ва Испания ҳукуматлари Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини маълум қилганди. Ўтган ойда Америка Қўшма Штатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Бош Ассамблеяга Фаластин давлатини халқаро ташкилотга тўлиқ аъзо сифатида қабул қилишни тавсия этувчи резолюция лойиҳасига вето қўйди. Бу ойда БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги резолюцияни ёқлаб 143 та давлат овоз берди, 9 таси (АҚШ ва Исроил билан бирга) қарши чиқди, 25 та давлат эса бетараф қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Венесуэла Туркия БМТ Фаластин Хоқон Фидан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг